21:07 / 29.10.2015
2541

Немцов ўлимидан кейин демократияга содиқлиги учун мукофот билан тақдирланди

Москвада ўлдириб кетилган россиялик сиёсатчи Борис Немцов ўлимидан кейин 2004 йилда европалик либерал арбоблар томонидан таъсис этилган Жан Рей халқаро мукофот билан мукофотланди. Бу ҳақда “Интерфакс” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Европарламентдаги либераллар етакчиси Ги Верхофстадтнинг айтишича, сиёсатчи “бошқача Россия учун курашишга ҳаётини бағишлагани” учун мукофотланди.

“Немцов қўшнилари билан тинчликда яшайдиган, демократия билан бошқариладиган, инсон ҳуқуқлари ва ҳуқуқ устуворлиги ҳурмат қилинадиган Россия учун курашган”, деб айтди Верхофстадт.

Жан Рей мукофоти қўмитаси раиси, Европарламентнинг бельгиялик депутати Луи Мишель мукофот Немцовга “сиёсий жасурлиги ҳамда демократия ва фуқаролик эркинликларига оғишмайдиган содиқлиги” учун берилди.

“Демократия ўз-ўзидан бўлмайди, уни Немцов каби одамлар қозонадилар”, деб айтди Мишель.

Мукофотнинг 10 минг евролик пуллик қисми Борис Немцовнинг қизи томонидан ташкил этилган Борис Немцов жамғармасига ўтказилади.

Жан Рей (1902–1983) бельгиялик либерал сиёсатчи, антифашист бўлиб, Иккинчи жаҳон уруши пайтида концлагерлардан ўтган, 1967-1970 йиллар давомида Европа комиссиясига раҳбарлик қилган.

Top