18:09 / 29.10.2015
2658

Ўзбекистонлик таэквондочилар Қозоғистондаги турнирда 15та медал олишди

Таэквондо (WTF) бўйича Ўзбекистон катталар ва ёшлар терма жамоалари аъзолари Қозоғистон очиқ чемпионатида еттита олтин, тўрттадан кумуш ва бронза медални қўлга киритди.

Вазни 80 килограммгача бўлган таэквондочилар ўртасида Максим Рафалович қозоғистонлик Тилеген Дарбаев, Раҳим Одилхонов, тожикистонлик Фарҳод Неъматов ва мексикалик Рене Лизаррагани енгиб, олтин медаль билан тақдирланди.

87 килограммгача оғирликдаги спортчилар ўртасида Жасур Бойқўзиев қозоғистонлик Исмоил Дуйсебой ва эронлик Ҳомид Ҳомидийни мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин 87 килограммдан оғир вазндаги спортчилар ўртасида тенгсиз эканини яна бир бор исботлади. У қозоғистонлик Илья Марюшкин, тожикистонлик Алишер Гулов ва жанубий кореялик Донг Мин Ча устидан ғалаба қозониб, олтин медалга сазовор бўлди.

Ўзбекистонлик спортчилар олтин медаль билан бирга 2016 йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун бериладиган навбатдаги 10 рейтинг очкосига ҳам эга бўлди.

Ўзбекистон вакилларидан Никита Рафалович ва Баҳром Абдуллаев иккинчи, Темур Ўролов учинчи ўринни эгаллади.

Top