07:44 / 29.10.2015
2432

Платини ўзини ФИФА президентлиги учун асосий номзод деб билмоқда

УЕФА президенти Мишель Платини ФИФА раҳбарлигига топширган аризаси борасида ва сайловда ғалаба қозонишига ишонаётгани ҳақида гапириб ўтди. 

У Швейцариядаги Le Matin нашрига берган интервьюсида ўзини номзодлар орасида энг кўп имкониятга эга номзод сифатида ҳисоблаётганини билдирган.

"Менда ФИФА президент бўлиш учун яхшигина имконият бор. Фақат менгина футболни кенг миқёсда тушуна оламан.

Мен футболчи бўлганман, Франция термасини бошқарганман, ЖЧ ташкилотчиси бўлганман. Энди эса энг таъсири кучли ташкилотни бошқаряпман.

Назаримда, ҳаммадан кўра, ФИФА президентлигига мен лойиқман", - дейди у.

Эслатиб ўтамиз, Швейцария прокуратураси Платинининг 2011 йилда ФИФАдан тўғридан-тўғри 2 млн франк олгани бўйича иш очган ва уни 90 кунга футбол фаолиятидан четлатган.

Амалдор бу пуллар унга 1999 йилдан 2002 йилгача ФИФАдаги иш даври учун маош сифатида тўланганини маълум қилган.

27 октябрь куни ФИФА президентлик сайлови учун номзодларни рўйхатга олишни тўхтатди.

Эндиликда УЕФА президенти Мишель Платини, УЕФА бош котиби Жанни Инфантино, ФИФА Ижроқўми собиқ аъзоси Жером Шампань, Иордания шаҳзодаси Али бин Ал-Ҳуссайн, ОФК раҳбари, баҳрайнлик шайх Салмон ибн Иброҳим, Либерия футбол уюшмаси раҳбари Муса Билити ҳамда Жанубий африкалик мультимиллионер Мосима Габриэл Севале ФИФА президентлиги учун расман номзод ҳисобланишади.

Top