19:19 / 30.10.2015
3849

Эмомали Раҳмон МДҲ давлатларини иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлашга чақирди

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 30 октябрда Душанбеда МДҲ давлатлари бош вазирлари Кенгаши йиғилиши иштирокчиларини кутиб олди.

Тожикистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашувда МДҲ давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Эмомали Раҳмон МДҲ давлатлари бош вазирлари эътиборини жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози салбий оқибатларига қаратиб, “Бизнинг фикримизча, МДҲ давлатлари кўп режали алоқаларини сақлаган ҳолда келгусида Ҳамдўстлик давлатлари ҳамкорлигини иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳаларида ривожлантириш зарур”, деб таъкидлаб ўтди.

Учрашувда Афғонистон шимолидаги вазият ва унинг Марказий Осиё ва МДҲнинг жанубий давлатлари учун эҳтимолий оқибатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Top