12:32 / 30.10.2015
3467

Euronews телеканалининг янги мавсумида Бухоро ва Термиз ҳақида видеорепортажлар узатилади

Euronews телеканали сайтида Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида ўзаро ҳамкорлик доирасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилди. Бу ҳақда «O’zbekturizm» MK матбуот хизмати хабар берган.

20 октябрь куни Euronews телеканалида "Uzbekistan Life" ахборот дастури доирасида Буюк ипак йўли мероси ва қадимий Самарқанд шаҳри ҳақидаги видеорепортаж эфирга узатилиши бошланганди.

Маълум қилинишича, "Uzbekistan Life" кўрсатувининг янги мавсуми учун Самарқанддан ташқари Бухоро ва Термиз тарихий шаҳарлари ҳақида кўрсатувлар тайёрланган.

Ушбу кўрсатувлар дунёнинг 155 мамлакатидаги 370 миллиондан ортиқ аудиторияга эга телеканал орқали 13 тилда эфирга узатилади.

Телеканал томошабинлари кўрсатувнинг Бухоро шаҳри ҳақидаги сонида Буюк Ипак йўлида бўлган бу қадимий шаҳарнинг ўзига хос анъаналари, турли маданий ёдгорликлар, олтин буюмлар, шойидан тайёрланган маҳсулотлар ва машҳур гиламлар ҳақида билиб олишлари мумкин бўлади.

Термиз ҳақидаги репортажда эса 2500 йилдан ортиқ тарихга эга шаҳар ҳақида маълумотлар, буддизм маданиятига мансуб ёдгорликлар ва ибодатхоналар кўрсатилади.

Шунингдек, телеканал сайтида ҳам бу видеорепортажлар жойлаштирилади.

Top