16:51 / 30.10.2015
3488

Ўзбекистонда ҳар йили 2 миллиондан ортиқ киши тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланади

29 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон шошилинч тиббий ёрдам врачлар ассоциацияси III қурултойининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидланишича, анжумандан кўзланган асосий мақсад соҳа олимлари ва мутахассислари интилишларини шошилинч тиббиётнинг устивор муаммоларини ечиш йўналишида бирлаштириб, доимий ва самарали илмий-амалий ҳамкорликни юзага келтиришдир.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон шошилинч тиббий ёрдам хизматларидан ҳар йили 2 млн киши фойдаланади, мурожаат қилганларнинг 200 минг нафардан ортиғида жарроҳлик амалиётлари ўтказилади. Бу ҳақда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) директори ўринбосари Елена Борисова маълум қилди.

Нуфузли даражада ўтказилаётган мазкур қурултойда ўзбекистонлик профессор-олимлар, хорижлик мутахассислар шошилинч тиббий ёрдам хизматининг аҳоли саломатлигидаги ўрни, илмий фаолиятдаги натижалар, эришилаётган ютуқлар, амалиётга татбиқ этилаётган янги даволаш усуллари каби долзарб мавзуларга бағишланган маърузалар билан иштирок этишди.

Таъкидлаш жоизки, замонавий шошилинч тиббий ёрдам хизмати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат Дастури ҳақида”ги Фармонига асосан ташкил этилган. Мамлакатимиз аҳолиси учун далат томонидан кафолатланган, барча учун очиқ ва сифатли шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мазкур хизматнинг асосий вазифаси этиб белгиланган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) ва унга бириктирилган Республика санитар авиацияси ҳамда Тошкент шаҳрининг “103” хизмати Шошилинч тиббий ёрдам хизматининг бош муассасаси ҳисобланади. Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил қилинган 12 филиалида махсуслаштирилган шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилади.

Қурултой иши 30 октябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида секцияларда давом этди.

Top