09:32 / 31.10.2015
8281

ОАВ: Австралия ноқонуний муҳожирларни Қирғизистонга жойлаштирмоқчи

Австралия ҳукумати 1500 нафардан зиёд ноқонуний муҳожирларни ҳозирги турган жойидан Қирғизистонга кўчириш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда The Australian хабар берди.

Айни пайтда ноқонуний муҳожирлар Папуа-Янги Гвинея ва Наурудадаги лагерларда сақланмоқда. Австралия ҳукумати анчадан буён мамлакатга одамларни ноқонуний тарзда ташиётган кемаларга қарши кураш олиб бормоқда.

Нашрнинг қайд этишича, айни пайтда ҳукумат қочқинларни Қирғизистон ва Собиқ Иттифоқнинг бошқа мамлакатларига кўчириш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бундан ташқари, муҳожирлар Африка ва Жанубий Америка давлатларига ҳам кўчирилиши мумкин. Бироқ шу вақтгача ҳеч қандай келишувга эришилганича йўқ.

Австралия Иммиграция ва чегаралар ҳимояси вазири Питер Даттон Қирғизистоннинг ноқонуний қочқинларни қабул қилувчи мамлакат сифатидаги мақомига изоҳ беришдан бош тортди. У фақатгина ҳукумат қочқинларни бир неча мамлакатларга жойлаштириш бўйича музокаралар олиб бораётганини тасдиқлади.

Top