10:10 / 31.10.2015
2777

Россия Федерал миграция хизмати Шереметьево аэропортида яшаётган суриялик қочқинлар оиласига бошпана беришни рад этди

Москва вилояти Федерал миграция хизмати Шереметьево аэропортининг транзит ҳудудида бир ойдан кўпроқ яшаётган суриялик қочқинлар оиласига вақтинчалик бошпана беришни рад этди ҳамда уларга қочқинлар мақомини бермасликка қарор қилди, деб хабар бермоқда оила адвокати Роза Магомедовага иқтибос келтирган ҳолда ТАСС ахборот агентлиги.

“Суд ҳали бўлмагани, жиноий иш ёпилмаганига қарамасдан, ФМХ оилага вақтинчалик бошпана тақдим қилмаслик ва уларни қочқинлар деб тан олмасликка қарор қилди”, деб хабар берди Магомедова.

Адвокатнинг айтишича, ФХС бошпана беришни сўраган оила аъзоларининг ҳаёти қолганларникидан кўпроқ хавфда қолишига етарлича асослар топа олмаган. Бундан ташқари, ФХС паспорт, виза ва 6 кишига авиачиптага сарфланган пулларни ҳисобга олган ҳолда, оилада моддий муаммолар йўқ деб ҳисоблаган.

Аввалроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков суриялик қочқинлар оиласи билан боғлиқ вазият ФХСнинг нотўғри ҳаракатлари билан юзага келмаганини айтган эди.

 

Top