21:48 / 01.11.2015
9161

Нурсултон Назарбоев набирасининг карьерасига таъсир кўрсатмоқчи эмас

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўз набираларининг катта ҳаётдаги қадамларини четдан туриб кузатишни маъқул кўради. Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Даурен Абаев Акорда сайтининг Фейсбукдаги саҳифаси орқали ўтказилган онлайн мулоқот чоғида маълум қилган.

"Давлатимиз раҳбари набираларининг ўз касбларини ўзи танлаши ва мустақил равишда ҳаракат қилишини, уларнинг танловига аралашмасликни афзал деб билади. Шубҳасиз, у ўз набираларининг мустақил равишда қўлга киритган ютуқларидан хурсанд бўлади", дейди Абаев саволларга жавоб бериш вақтида.

У шунингдек, президентнинг набираларидан бири Ойсултон Алиевнинг Қозоғистон Футбол федерациясига раҳбар бўлиш учун интилаётгани ҳақидаги маълумотга ҳам муносабат билдириб ўтган.

"Қозоғистон ФФ атрофидаги воқеаларга муносабат билдирадиган бўлсак, бу ташкилот жамоат ташкилоти ҳисобланади ва ўз қарорларини мустақил равишда қабул қилади. Бу ташкилот ўз келажагини ўзи ҳал қилади ва давлат томонидан ундаги ички ўзгаришларга таъсир кўрсатилмайди", дейди Абаев.

Top