07:22 / 01.11.2015
3350

Россия Давлат думаси вакили россиялик авиаташувчилар сонини учтагача камайтиришни таклиф қилди

Россия Давлат думасининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси раҳбари Алексей Пушков Россияда авиаташувчилар сонини иккита ёки учтагача камайтиришни таклиф қилди. У бу ҳақда “Русская служба новостей” эфирида айтди.

Пушковнинг фикрича, “авиация давлат аралашиши керак бўлган соҳадир”. Унинг таъкидлашича, қолдириладиган компаниялар хусусий ва давлат иштирокида яратилган компаниялар бўлиши ҳам мумкин.

“Мен шунга аҳамият бердимки, охирги 50 йил давомида юз берган авиафалокатлар қоида бўйича ўртамиёна компаниялар билан боғлиқ бўлган. Булар чартер рейс учун берилган 5-10 та самолётга эга кичкина фирмалардир. Компаниялар шу тариқа кам харажат қилиб, максимал фойда кўришган”, деб айтди Пушков. Унинг айтишича, бундай чора тақдим қилинаётган хизматлар сифатини, шу жумладан парвозлар хавфсизлигини оширади.

Ҳозирда Россияда маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича хизмат кўрсатувчи 40 дан ортиқ авиакомпания бўлиб, улардан “Аэрофлот”, “ЮТэйр”, “Сибирь (S7 Airlines)” ва “Россия (Rossiya Airlines)” авиакомпаниялари энг йириклари ҳисобланади.

Top