11:53 / 01.11.2015
10575

Самарқандликлар шаҳарда газ босими кўтарилишини Керрининг ташрифи билан боғлашмоқда

Блогер Тошпўлат Раҳматуллаев Самарқанд шаҳрининг баъзи ҳудудларида аҳолига бериладиган газ босими кейинги кунларда анча кўтарилганини қайд этиб, бу ҳақда ўз блогида ёзди.

"Кейинги 2 кунда самарқанликларнинг уйларида газ босими бирдан кўтарилиб кетди, баъзиларникида эса анча вақтдан бери илк марта газ ёнди. Бу ўзгаришларга АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг шу шаҳарга ташриф буюриши сабаб сифатида кўрилмоқда", деб ёзади у.

"Балки бу тасодифдир, лекин факт шуки 29 октябрдан уйларимиза газ босими кескин кўтарилди. Танишлардан сўрадим, Самарқанднинг аксар қисмида (вилоят шифохонаси атрофидаги маҳаллалар, пиво заводи атрофи, Гагарин кўчасмЮ Самарқанд тумани ва бошқа ҳудудлар) газ баланд ёнмоқда. Лекин баъзи чекка ҳудудларда, масалан Сўзангарон маҳалласида газнинг "ҳидиниям сезишмаган".

Аҳоли бу ўзгаришларни шаҳарга АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг келиши билан боғламоқда. Бу ҳақда ҳатто шундай ҳазиллар юрибдики, кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан киши. "Керри Самарқандда иложи борича узоқ вақт қолсин", дейишмоқда улар. Бундан билиш мумкинки, газ ва светнинг йўқлиги уларнинг жонига теккан.

Мен Ўзбекистондаги сайтлардан бирининг буюртмасига кўра, Самарқанд аҳолисининг газ билан таъминланиш масаласи бўйича журналистик текширув ўтказмоқдаман. Жаноб Керри келиб кетганидан кейин бу текширувни якунлаб, сайтга нашр қилиш учун бераман. Кўрамиз, аҳвол қандай тус оларкан?

Дарвоқе, Самарқанд вилоятида 31 октябрь кунигача ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Билишимча, ҳали кун қоронғулигида, соат эрталабки 5даёқ, Ободонлаштириш департаменти ишчилари автомобиллар чироқлари ёруғида кўчаларга гул ўтқазишган.

Бундай кенг кўламли ишлар фақат шаҳар бўйлаб эмас, атрофдаги туманларда ҳам, хусусан Имом ал-Бухорий мажмуасига олиб борувчи йўлларда олиб борилган.

Бу кунларда Оқдарё туманидан Пайариқ туманига кетишдаги йўлда ҳали тонг бўзариб турган вақтда юзлаб одамлар йўл ёқаларида куймаланаётганларини кўриш мумкин эди. Улар куз вақтида кўчатлар ва гуллар ўтқазишар, шунингдек, хазон йиғиш билан машғул бўлишар эди. Ахир кузда бу ишларни қилишдан маъни йўқ", деб ёзади блогер.

"Шундай қилиб, хорижлик меҳмон туфайли биз бир неча кун давомида иссиқ ва ёруғ уйларда яшаймиз, кўчалар ва хиёбонларимиз эса яшнаб туради", деб ўз сўзини якунлайди у.

Бундан олдинроқ, ушбу блогер Самарқанддаги хонадонларга табиий газ узатилмаётгани ҳақида ёзиб чиққанди.

Шунингдек, "Зарафшон" газетасида номигагина берилаётган газ босимига на сув қайнаши, на овқат пишиши ҳақидаги шикоятлар баён этилган мақола нашр этилган.

Top