17:56 / 03.11.2015
2969

Абдулазиз Комилов Мисрдаги авиаҳалокат муносабати билан Россия элчихонасига ташриф уюштирди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 3 ноябрь куни Россиянинг Тошкентдаги элчихонасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

«ТИВ раҳбари 200 дан ортиқ инсоннинг фожиали ҳалок бўлишига олиб келган 2015 йил 31 октябрда Россия йўловчи самолётининг Миср ҳудудидаги фалокати муносабати билан таъзия билдирди ва Ҳамдардлик китобига қайд киритди», — дейилади вазирлик хабарида.

Ўз навбатида, элчи Владимир Тюрденов Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Россия президенти Владимир Путин номига йўллаган далда ва ҳамдардлик сўзлари учун ўз миннатдорчилигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 31 октябрь куни Миср вақти билан 6:51 да (Тошкент вақти билан 9:51) Россиянинг "Когалимавиа" авиакомпаниясига тегишли Шарм аш-Шайх — Санкт-Петербург йўналиши бўйича 9268 рейсини амалга ошираётган Airbus-321 лайнери парвозга кўтарилгандан 23 дақиқа ўтиб радарлар экранидан йўқолди. Мазкур самолёт бортида 217 нафар йўловчи ва етти нафар экипаж аъзоси бўлган.

Top