21:34 / 03.11.2015
2189

WP: Федерал қидирувлар бюроси ёшлар ўртасида террорчиликка қарши кураш учун сайт очишни режалаштирилмоқда

АҚШнинг Федерал қидирувлар бюроси талабалар ва ўқитувчилар учун экстремизмга қарши кураш олиб боришда ёрдам берувчи сайт ишга туширишни режалаштирмоқда. АҚШнинг мусулмон ташкилотлари вакиллари янги лойиҳа ёш мусулмонларни таҳқирлашга сабаб бўлади, деб хавотирланмоқдалар. Бу ҳақда The Washington Post нашри ёзмоқда.

ФҚБнинг таъкидлашича, сайт террорчилар интернет орқали ёшларни ўз сафига ёллаши ҳолатларининг олдини олишда ёрдам беради. Бундай ҳолатлар ҳақида ўқитувчилар ва талабаларнинг ўзлари маълум қиладилар. “Марионетка бўлма” деб номланган бу сайт 3 ноябрда ишга туширилди, бироқ бироздан кейин тўхтатиб қўйилди, деб хабар бермоқда нашр.

Мусулмон ташкилотлари вакиллари ўз навбатида ФҚБ шу тариқа “информаторлар тизимини шакллантиришга уринмоқда”, деб айтдилар.

“Кўринишича улар ўқитувчи ва талабалардан ҳуқуқ-тартибот муассасалари сифатида чиқишларини исташмоқда. Биз бундан хавотирдамиз”, деб айтди жамоатчилик билан алоқалар мусулмон кенгаши вакили Ҳўда Ҳава.

Нашрнинг маълумотларига кўра, сайтда турли “викториналар” жойлаштирилади. Мисол учун, ёшларга шундай савол берилади: “Қуйидагилардан нима Facebook мониторинг қилинганда ФҚБда қизиқиш уйғотиши мумкин?”. Ушбу саволга қуйидаги жавоблар берилган: ўзининг ҳиссий муаммоларини айтувчи ёш киши; ўзининг сиёсий намойишда иштирок этиш нияти борлигини айтувчи ёш киши ёки “мусулмонча” исмга эга ёшнинг хорижга миссия бажаргани кетаётганини айтиши. Сайтнинг бундай викториналар жойлаштирилган лойиҳаси октябрда тақдим қилинган эди.

Қайд этилишича, кўпчилик мусулмон етакчилари ФҚБнинг террорчиликка қарши кураш борасидаги бундай чораларига шубҳа билан қарашмоқда, чунки улар ҳуқуқ-тартибот муассасалари ўз эътиборларини айнан ислом вакилларига ҳаддан кўп қаратмоқдалар, деб ҳисобламоқдалар.

Top