13:26 / 04.11.2015
6044

“Ўзбекэнерго” Яккабоғдаги электр таъминоти узилишларини тушунтириб берди

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида истиқомат қилувчи фуқаро З. Назаров ОАВга йўллаган мактубида туманда ҳар йили октябрь ойи ярмидан электр энергияси берилишида узилишлар пайдо бўлишини айтиб, бунинг сабабларини суриштирди. Унинг саволига “Ўзбекэнерго” ДАК бошқарма бошлиғи ўринбосари У. Хакимов жавоб берди.

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги 245-сонли қарори 7-бандида истеъмолчи ўзига тегишли электр тармоқларига рухсат этилган қувват миқдори даражасида кучланиши минг вольтгача бўлган қўшимча электр қурилмаларини улаши мумкин (электр энергиясининг иситиш ва иссиқ сув таъминоти учун қўлланишидан ташқари) деб белгилаб қўйилганига қарамасдан иситиш ва иссиқ сув таъминоти учун фойдаланишалир оқибатида электр энергияга бўлган талаб кескин ошиб кетишига олиб келмоқда, - унинг сўзларини келтиради “Даракчи” газетаси. – натижада энергетика тизимидаги аварияларнинг олдини олиш мақсадида 110 кВ кучланишли ҳаво электр узатиш тармоғида УОН (устройство отключения энергии) автомат тизими ишлаш ҳолатлари кузатилмоқда”.

“Бундан ташқари, - қўшимча қилди у, - фойдаланилган электр энергиясидан қарздор бўлган истеъмолчиларни электр тармоқларидан узиш ҳамда режали таъмирлаш ишларини олиб бориш вақтида хавфсизликни таъминлаш мақсадида электр тармоқларидан алмашлаб улаш ишлари бажарилади”.

Top