22:01 / 04.11.2015
5191

Саакашвили Яценюк даврида Украина Африканинг қолоқ давлатлари даражасига тушиб кетганини айтди

Украинанинг Одесса вилояти губернатори Михаил Саакашвили Украина бош вазири Арсений Яценюкнинг танқидига жавоб берди. Яценюк Саакашвили президентлиги даврида Грузияда амалга оширилган ислоҳотлар борасида салбий фикр билдирди.

Саакашвили ўзининг фейсбукдаги саҳифасида бунга жавобан Украина Яценюк даврида “Африканинг қолоқ давлатлари даражасига тушиб кетганини” айтди.

“Яценюк мени ва Грузиядаги ислоҳотларни танқид қилган экан, мен Грузиядаги ислоҳотлар бўйича бир нечта қиёслама далилларни келтириб ўтмоқчиман. Менинг раҳбарлигимда Грузияда иқтисодиёт уруш ва геосиёсий кескинлик шароитида ҳам кўп вақт давомида икки рақамли ўсишларни намоён қилган, Украина иқтисодиёти эса афсуски, охирги икки йил давомида фалокатли тарзда қуламоқда. Менинг давримда Грузия бизнес юритиш бўйича Жаҳон банкининг рейтингида 8-ўринга кўтарилди. Украина эса фақатгина 72-ўринни эгалламоқда. Менинг давримда бизнес субъектлари ўртасида коррупцияни қабул қилиш 80 фоиздан 2 фоизга тушган, Украинада эса охирги маҳал 80 фоизга кўтарилди. Украина, афсуски, Африканинг қолоқ давлатлари даражасига тушиб кетди”, деб айтди Саакашвили.

Top