16:52 / 05.11.2015
5054

Наманганда ҳарбийлар оилаларига янги уйлар топширилди

Наманган вилоятида жойлашган ҳарбий шаҳарчалардан бирида ватан ҳимоячилари учун бунёд этилган кўп қаватли турар жой биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги вакиллари, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлашнинг 2007—2015 йилларга мўлжалланган тегишли дастури асосида ўтган давр мобайнида кўплаб сержант ва офицерлар уй билан таъминланди, уч мингдан ортиқ хонадонлар қурилди, ҳарбий хизматчилар қишлоқларда намунавий лойиҳа асосида қурилаётган уй-жойларга эга бўлмоқда.

Янги уйларнинг калитини Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг ўринбосари, полковник Музаффар Солиев, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Рустам Халилов топширди.

Икки ва уч хонали хонадонлардан иборат кўркам уй ҳарбийлар оилаларининг фаровон ҳаёт кечириши учун барча зарур шароитлар билан таъминланган.

Top