16:21 / 05.11.2015
4771

Тошкентда 170 минг сўм пул учун қўшнилар ўртасида келиб чиққан жанжал қон тўкилишига олиб келди

Тошкентда 170 минг сўм пул учун қўшнилар ўртасида келиб чиққан жанжал қон тўкилишига олиб келди. Бу ҳақда “Огоҳ” нашри ёзмоқда.
1987 йили Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида туғилган Жабборали Бахтиёров 2014 йилда оиласи билан ишлаш учун Тошкентга кўчиб келган эди. Унинг қўшниси Жўрабек Холбоев асли бухоролик бўлиб, бу ерда оиласи билан турарди.

Йигитлар дўстлашиб қолишди ва бир неча бор умумий давраларда ўтиришди.
Икки марта Бахтиёров Холбоевга 80 минг ва 90 минг сўмдан қарз берди. Шундан сўнг Холбоев камнамо бўлиб қолди.

Бир сафар пул зарур бўлганида Бахтиёров унга роса қўнғироқ қилиб, топа олмади. Шунда жаҳл устида “Қаердасан, мошенник?” қабилида SMS ёзиб юборди. Холбоев дарҳол қўнғироқ қилиб, Бухорода эканлигини, Тошкентга қайтгач, гаплашиб олишларини айтиб, дағдаға қилди.

Бир ҳафтадан сўнг у қайтиб келиб, Бахтиёровга учради ва уни мактабнинг орқа ҳовлисига олиб чиқди. “Нега мени мошенник дейсан?” деган эътирозларидан жанжал бошланиб кетиб, Холбоев Бахтиёровни ура бошлади, сўнг бўйнидан бўғиб олди. Унга кучи етмаган Бахтиёров ёнидаги пичоқчани чиқариб, рақибининг сонига икки марта санчиб олди. Шу тахлит улар уйларига қайтишди.

Лекин орадан вақт ўтиб, Холбоевнинг жияни Мурод “ўч олиш” мақсадида Бахтиёровни сўкиб, унинг эшигини гурс-гурс тақиллата бошлади. Шунда Бахтиёров милицияга мурожаат қилишга мажбур бўлди.
Ҳозирликда иккала эркак суд олдида жавоб бермоқда.

Top