22:08 / 05.11.2015
4977

Туркия G20 етакчиларига ангорий эчки юнгидан тайёрланган эксклюзив рўмоллар совға қилмоқчи

“Катта йигирматалик” (G20) давлатлари етакчилари Туркиядан совға сифатида ангорий эчки юнгидан тайёрланган эксклюзив рўмоллар оладилар, деб хабар бермоқда турк ОАВлари.

Ушбу совғалар Туркиянинг Белек шаҳрида 15-16 ноябрда бўлиб ўтадиган G20 саммитида берилади.

Туркиянинг жануби-шарқида жойлашган Сиирт вилояти юқори сифатли жун рўмол ва кўрпалари билан ном чиқарган. Совға қилинадиган рўмолларга саммит ва ташкилот логотипи туширилади. Совғага илова қилинадиган карточкаларда рўмоллар тарихи ҳақида маълумот ва бу рўмолни тайёрлаган уста фотосурати туширилади. Совғалар Сииртдаги сувориларнинг эгар сумкаларига ўхшаш тайёрланган жун сумкаларда берилади. Рўмол ва сумкаларни тайёрлаш учун тоғ эчкиларининг юнгидан фойдаланилади. Ҳаммаси бўлиб саммит учун 50 та рўмол тайёрланади.

Туркия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш жамғармаси вакилининг айтишича, ҳозирда юнгдан маҳсулотлар тайёрлаш касби унутилиб бормоқда ва бу қадам унинг тикланишига ёрдам бериши мумкин. Жамғарма вакили совғалар саммит иштирокчиларига ёқишига умид билдирди.

Саммит иштирокчилари ва делегациялари учун бир нечта йирик меҳмонхона ва гольф-клублар ажратилади. 5 квадрат километрдан кўпроқ ҳудуд алоҳида назорат остига олинади ва вақтинчалик тўсиб қўйилади.

Top