00:19 / 06.11.2015
3674

Олланд: "Шарль де Голль" авиаташувчи кемаси ИШИДга қарши самарали ҳаракат қилишга имкон беради

Яқин Шарқ минтақасига “Шарль де Голль” авиаташувчи кемаси бошчилигида авиация гуруҳини юбориш Францияга Сурияда ИШИД жангариларига қарши ҳаракат қилиш самарадорлигини оширишга имкон беради. Бу ҳақда Франция президенти Франсуа Олланд маълум қилди.

“Бугун мен Суриядаги ихтилоф ҳудудига бизга операцияларни ўтказишга ёрдам бериши мақсадида авиация гуруҳини юборишга қарор қилдим”, деб айтди Олланд Франция Мудофаа вазирлигининг Парижда янги бош қароргоҳи очилиши маросимидаги нутқида.

Франция Сурияда ИШИД жангариларига қарши курашни сентябрдан бери олиб бормоқда. Бунда мамлакатнинг ҳарбий-ҳаво кучларидан фойдаланилмоқда. “Зарбалар машғулот лагерларига ва террорчилик бизнинг ҳудудимизга хавф солиши мумкин бўлган жойларга берилмоқда” деб таъкидлаб ўтди Олланд.

Француз флоти флагман кемаси ҳисобланувчи “Шарль де Голль” кемаси ўзида 40 та самолёт, жумладан кўп вазифали Rafale M қирувчи самолётларидан иборат авиагуруҳни ташийди. Кеманинг Сурия ихтилофи ҳудудида қўлланиши Францияга ўзининг ҳаво гуруҳининг имкониятларини икки баробар кучайтиришга имкон беради. Ҳозирда Франция Ироқ ва Сурияда БААдаги Аз-Зафра авиабазасида жойлашган 6 та Rafale ва Иорданиядаги Шаҳзода Ҳасан аэродромида жойлашган 6 та Mirage 2000 қирувчи самолётлари билан ҳаракат қилмоқда.

“Шарль де Голль” кемаси аввал Ироқда жангариларга қарши ҳарбий операцияларда жалб қилинган. Кема 2015 йилнинг февралидан апрелигача Форс кўрфазида жанговор навбатчиликни ўтаган. Айни пайтда кемага Тулон портида техник хизмат кўрсатилмоқда, унинг янги вазифага чиқишининг аниқ муддатлари ҳозирча айтилмаяпти.

Top