20:12 / 06.11.2015
19551

Рустам Азимов: Ўзбекистонда миллиардерлар йўқ ва бўлмаган ҳам

Тошкентда бўлиб ўтаётган Халқаро инвестицион анжуманда Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари ва молия вазири Рустам Азимов Ўзбекистон ҳукумати 2015-2020 йилларда иқтисодиётни модернизация қилиш дастурини амалга ошириш ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг ўртача йиллик ўсишини 8 фоиз даражасида таъминлашни режалаштираётганини айтди.

Рустам Азимовнинг айтишича, Ўзбекистон шу йиллар давомида саноат, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва транзит салоҳиятини ошириш бўйича умумий миқдори 51 млрд доллардан кўпроқни ташкил қиладиган лойиҳаларни амалга оширади.

“Ўзбекистон полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқариш бўйича Устюрт газ-кимё мажмуасини қуриш лойиҳасини якунлади. Ўзбекистонда синтетик ёнилғи ишлаб чиқариш бўйича завод ва олефин ишлаб чиқариш бўйича кимё мажмуаси ҳамда пиролиз бензин ишлаб чиқарувчи завод қурилмоқда. Белгиланган дастурларни амалга ошириш саноат ишлаб чиқариш ўсиши ўртача йиллик суръатларини 9 фоиз даражасида бўлишини таъминлашга имкон беради. Бунда саноат тармоғининг ЯИМ структурасидаги улуши 30 фоизгача ошади”, деб айтди Азимов.

Азимовнинг фикрича, Ўзбекистон МДҲнинг баъзи давлатларининг табиий захиралар қазиб олишга ихтисослаштирилган йирик корхоналарни ҳукуматга яқин баъзи абжир фуқароларга деярли сувтекинга берилиши каби аянчли тажрибасини такрорлаш ниятида эмас. Азимовнинг фикрича, бунинг оқибатида бундай абжир одамлар умумхалқ бойлиги ҳисобланган табиий бойликларни хусусийлаштириши натижасида бойиб, давлат бюджети эса аксинча, давлат ўзининг асосий вазифаларини бажара олиши учун зарур бўлган маблағларнинг сурункали тақчиллигини ҳис қила бошлади.

"Биз бундай йўлдан боришдан бошданоқ воз кечдик. Ўзбекистонда миллиардерлар йўқ, бўлмаган ҳам. Лекин мустаҳкам ўрта синф вакиллари шаклланган, бу эса ўз навбатида, доимий равишда давлат бюджетини профицит билан қоплаш имконини беради", деди бош вазир ўринбосари.

Молия вазирининг маълум қилишича, 2016-2020 йилларда Ўзбекистон Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки билан молиявий сектор, қишлоқ хўжалиги, электр энергетикаси, инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида 12 млрд доллардан кўпроқ маблағга лойиҳалар амалга оширмоқчи.

Top