11:11 / 06.11.2015
12035

Times: АҚШ ва Британия А321 бортига ИШИД томонидан бомба қўйилгани ҳақидаги ёзишмани аниқлаган

Америкалик ва британияликлар разведка хизматлари ҳамкорликда сунъий йўлдош воситасидан фойдаланган ҳолда ўтган ой охирида Синайда Россияга тегишли А321 самолёти қулаб тушиши ИШИД томонидан амалга оширилган теракт туфайли рўй бергани ҳақида маълумотлар олишган. Бу ҳақда Times нашри хабар қилган.

Нашр маълумотларига кўра, махсус хизматлар ИШИДнинг Суриядаги қароргоҳи ва ташкилотнинг Синайдаги вакиллари ўртасидаги электрон ёзишмаларни қўлга киритишган ва бу ёзишмаларда А321 самолёти бортига бомба қўйилгани ҳақида маълумот бор.

Тахмин қилинишича, портловчи модда самолёт бортига йўловчиларнинг юклари орасида киритилган.

Нашрнинг қайд этишича, Буюк Британия Шарм-аш-Шайхдаги фуқароларини олиб келиш учун бўш самолётлар жўнатмоқда.

Бу йўловчилар ўзлари билан юк олиб ўтишмайди. Уларнинг юклари қатъий назорат остидаги алоҳида самолётларда олиб училади.

Бироз олдинроқ, Британиядаги нашрлардан бири ИШИД томонидан Буюк Британияда теракт амалга оширишга тайёргарлик кўрилгани ҳақида маълумот берганди.

Эслатиб ўтамиз, 31 октябрь куни Миср вақти билан 6:51 да (Тошкент вақти билан 9:51) Россиянинг "Когалимавиа" авиакомпаниясига тегишли Шарм аш-Шайх — Санкт-Петербург йўналиши бўйича 9268 рейсини амалга ошираётган Airbus-321 лайнери парвозга кўтарилгандан 23 дақиқа ўтиб радарлар экранидан йўқолди. Мазкур самолёт бортида 217 нафар йўловчи ва етти нафар экипаж аъзоси бўлган.

Top