17:34 / 06.11.2015
2620

Хитой ва Вьетнам баҳсли ороллар ҳудудида тинчликни қўллаб-қувватлашга келишиб олди

Хитой ва Вьетнам Жанубий Хитой денгизида тинчликни қўллаб-қувватлашга келишиб олди, дея хабар қилди Reuters.

Мазкур қарор ХХР етакчиси Си Цзиньпиннинг Вьетнамга ташрифи якунлари юзасидан имзоланди. Ҳужжатда Жанубий Хитой денгизида тинчлик ва барқарорликнинг таъминланиши зарурлиги, шунингдек, томонлар акваторияда, шу жумладан, баҳсли ороллар ҳудудида вазиятнинг кескинлашувига олиб келадиган хатти-ҳаракатларни амалга оширмаслик мажбуриятини зиммасига олгани ҳақида сўз боради.

Хитой етакчиси Вьетнамга 5 ноябрь куни икки кунлик ташриф билан келган эди. The South China Morning Post нашрининг хабар беришича, ХХР етакчиси Вьетнам Коммунистик партияси бош котиби Нгуен Фу Чонг билан музокаралар ўтказиб, Жанубий Хитой денгизидаги вазият, ҳарбий алоқаларни кучайтириш ва киберхавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Шунингдек, Хитой Вьетнамга инфратузилмаларни ривожлантириш, мактаб ва шифохоналар қуриш учун 700 миллион доллар миқдорида кредит ажратишга ваъда берди.
Бу ерда гап Спратли ороллари тўғрисида кетмоқда. Уларга бир вақтнинг ўзида Вьетнам, Филиппин, Бруней, Малайзия ва Хитой даъвогарлик қилмоқда. Архипелаг нефть ва газга бой, дея ҳисобланиши билан бирга, мазкур ороллар денгиз савдо йўллари ўтган ҳудуд сифатида стратегик жиҳатдан муҳим ҳисобланади.

Top