21:17 / 09.11.2015
9769

АҚШ Ҳисоб палатаси собиқ раҳбари: АҚШнинг қарзи аслида 18 трлн эмас, 65 трлн

АҚШ Ҳисоб палатаси собиқ раҳбари Дэвид Уокер АҚШнинг давлат қарзи эълон қилингандек 18,5 трлн доллар эмас, балки аслида тахминан 65 трлн долларни ташкил қилади, деб айтди. Бу ҳақда The Hill нашри хабар бермоқда.

Уокер АҚШнинг барча таъминланмаган мажбуриятларининг суммасини ҳисоблаб шундай фикрга келди.

“Агар сиз бу 18,5 трлнга таъминланмаган фуқаролик ва ҳарбий пенсия ҳамда истеъфодаги ҳарбийларни парвариш қилиш бўйича мажбуриятлар, ижтимоий таъминот ва давлат тиббиёт суғуртаси соҳаларидаги қўшимча молиялаштирилмаганлик, турли мажбуриятлар ва федерал ҳукуматнинг кўзда тутилмаган харажатларини қўшсангиз, асл рақам тахминан 65 трлн долларни ташкил қилади ва ислоҳотлар йўқлигида бу қиймат автоматик равишда ўсиб боради”, деб айтди Уокер.

Билл Клинтон президентлиги даврида АҚШ Ҳисоб палатасини бошқарган Уокернинг айтишича, АҚШнинг ўсиб бораётган миллий қарзи ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатдаги у ёки бу ташаббусларни амалга оширишга халақит бермоқда.

АҚШ конгресси томонидан қабул қилинган 2016 йилга бюджет келишувига кўра, АҚШ давлат қарзининг лимити 2017 йилнинг мартигача автоматик равишда кўтарилиб борилади. The Washington Times нашрининг ёзишича, Обама президентлиги пайтида АҚШ давлат қарзи 2 баробарга кўпайган. Нашрнинг тахминича, амалдаги президенти АҚШни 20 трлн долларлик қарз билан қолдиради.

Top