09:55 / 10.11.2015
3873

Facebook’ка европаликларни кузатишни бас қилиши учун 48 соат вақт берилди

Брюссел Фуқаролик суди 9 ноябрь куни ўз қарори билан Facebook ижтимоий тармоғига 48 соат ичида фойдаланувчиларини кузатиш ва улар маълумотларини қайта ишлаш амалиётини тўхтатиш мажбуриятини юклади.

Le Soir газетасининг электрон намунаси хабарига кўра, мазкур суд қарори бажарилмаган тақдирда, Facebook кечиктирилган ҳар бир кун учун шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳимоя қилиш бўйича Бельгия комиссиясига 250 минг евро миқдорида жарима тўлайди.
2015 йилнинг июнь ойида Facebook тармоғига нисбатан мазкур айблов илгари сурилган эди. Комиссия томонидан олиб борилган махсус текширувларда дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқнинг фойдаланувчилар учун янги шартларида шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳимоялаш соҳасида Бельгия ва Европа қонунларига зид бир қатор бандлар мавжудлиги аниқланган.

Комиссия вакили Виллем Дебекелар аввалроқ Facebook “сал ўзгача” фойдаланувчиларни кузатиб, улар маълумотларини қайта ишлашини айтиб ўтган эди.
Айрим экспертларнинг айтишича, Facebook созламаларда трекинг опцияси(меню элементи)ни ўчириб қўйган ёки умуман шахсий профили бўлмаганларни ҳам кузатади. Яъни, ижтимоий плагин (дастурнинг функционал имкониятларини ошириш учун ишлатиладиган, динамик тарзда уланувчи модуль), умумий қилиб айтганда, бошқа интернет сайтларидаги Like тугмачасидан фойдаланганлар ҳам кузатув остига олиниши мумкин. Интернетдаги фаоллик мониторинги куки (cookies – фойдаланувчи браузерини, веб-серверга ташриф буюрганда веб-сервер қўйиб чиқадиган белгидан иборат маълумотлар. Фойдаланувчи кейин ташриф буюрганда, сервер бу ерда унинг аввал ҳам бўлганини билади) орқали ҳам амалга оширилади. Яъни, Фейсбук куки орқали ташриф буюрувчини “таниб” олади.

ЕИ қонунчилигига кўра, ҳар қандай сайт фойдаланувчидан унинг компьютерига cookies жойлаштириш учун рухсат олиши шарт.

Top