17:34 / 10.11.2015
4558

Мияга биринчи марта дори ультратовуш ёрдамида тўғридан-тўғри киритилди

Канадалик шифокорлар тарихда биринчи марта гемато-энцефалик тўсиқни енгиб ўтиб, кимё-терапевтик препаратни бевосита мия тўқималарига юбора олди. Бу ҳақда The Motherboard нашри ёзмоқда.

Гемато-энцефалик тўсиқ қон-томир ва марказий нерв тизимлари ўртасидаги ҳужайра фильтри бўлиб, у мияни микроблар, токсинлар ҳамда бу органга зарарли бўлган иммун тизими омилларидан асрайди. У орқали мияга фақат озиқ моддалари кириб, нерв тўқимаси фаолиятининг чиқинди моддалари чиқиб кетади.

Саннибрук университети шифохонаси ходимлари ўтказган муолажа чоғида кимё-терапевтик моддалар тўсиқдан ультратовуш ёрдамида ўтказилди. Улар дорини қон-томир йўли орқали юбориб, бу модда ичида майда ҳаво зарралари бор эди. Олимлар бу зарраларни миянинг тегишли қисмларида кенгайтириб, гемато-энцефалик тўсиқ ҳужайралари тўрларида кичик “тирқишлар” ҳосил қила олди.

Улар орқали дори тўғридан-тўғри мияга борди. Ҳаво пуфакчаларининг ўзи эса қон-томир тизимида қолиб, бир неча дақиқадан сўнг ўпкада ғойиб бўлди. Тўсиқдаги тирқишлар эса 8-12 соат давомида сақланиб турди.
Агар кейинги тажрибалар методнинг самарадорлигини тасдиқласа, шифокорлар мия касалликларини даволашда янги имкониятларга эга бўлади.

Top