23:41 / 10.11.2015
5528

Навоий вилояти Кармана туманида Ўзбекистон–Жанубий Корея дўстлик боғи очилди

Навоий вилояти Кармана туманида Ўзбекистон–Жанубий Корея дўстлик боғи очилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик барча жабҳалар қатори маданий-гуманитар соҳада ҳам равнақ топаётгани, бунда икки давлат раҳбарлари учрашувлари чоғида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Навоий вилоятида фаолият юритаётган 52 қўшма корхонанинг 9 таси жанубий кореялик сармоядорлар иштирокида ташкил этилган. Бугун Навоий шаҳри аэропорти негизида ташкил қилинган халқаро логистика маркази орқали турли давлатларга парвозлар амалга оширилмоқда.

Дўстлик боғининг очилиши ҳам икки давлат ўртасидаги очиқлик ва дўстона муносабатларнинг ёрқин ифодаси бўлди. Корея Республикаси халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг 2,5 миллион доллар қийматидаги грант маблағлари ҳисобидан “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси атрофидаги 140 гектар майдонда кўкаламзорлаштириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу майдонда суғориш тизимини йўлга қўйиш учун давлатимиз бюджетидан қарийб 725 минг доллар миқдорида маблағ ажратилган. Шунингдек, лойиҳа доирасида бир гектар майдонда Жанубий Корея андозаси асосида иссиқхона қурилиб, барча коммуникация тизимлари тайёр ҳолга келтирилди.

– 2013-2016 йилларга мўлжалланган мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши давлатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш баробарида яшиллик оламини кенгайтиришга хизмат қилаётганидан мамнунмиз, – дейди Корея Республикаси халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Им Жонг Хи хоним. – Боғ учун махсус нинабаргли ва чўл иқлимига мос дарахт турларини кўпайтириш учун ниҳол парваришлаш ҳудуди ташкил этилиб, Жанубий Корея ва Ўзбекистон мутахассислари бута парваришида биргаликда иш олиб бормоқда. Бундай кенг майдонда ташкил этилаётган боғ ҳудуд иқлимини яхшилаш, бўш ерларни кўкаламзорлаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Top