15:18 / 10.11.2015
5268

"Қўқон-1912" жамоаси собиқ бош мураббийи: "Сўғдиёна" билан ўйинни "сотмагандик"

Ўтган ҳафта "Қўқон-1912" клуби бош мураббийи Рустам Абдуллаев ўз вазифасидан озод этилганди.

Жамоа олий лиганинг 29-туридан ўрин олган "Сўғдиёна"га қарши баҳсда 1:3 ҳисобида ютқазиб қўйгач раҳбарият шундай қарор қабул қилган.

"Футбол Экспресс" газетаси мухбири мураббий билан суҳбат уюштирди.

"Тўғрисини айтсам, "Сўғдиёна"га қарши ўйиндан олдин ҳар хил миш-мишлар кўпайиб кетди. Бу нарса эса биз билан учрашувда юз беришини хоҳламагандим. Чунки учрашувдан олдиноқ руҳий томондан эсанкираб қолишганди. Ташқи босим ҳам кучли бўлди. Турли хил гап-сўзлар охир оқибат мана шундай ҳолатга олиб келди. Аммо Қўқонда тоза ўйин бўлди ва жиззахликлар бизни ҳақли равишда енгишди", - дейди Абдуллаев.

У ўз фаолияти давомида келишилган учрашувларга таклиф этилганини билдирган.

"Мураббий бўлиб ишлаётган пайтимдан бери менга ҳам ўзаро келишишни таклиф қилишган. Айнан "Сўғдиёна"га қарши ўйин ўйиндан олдин ҳам "Илтимос, ёрдам беринглар" деб алоқага чиқишганди. Аммо мен бу таклифни кескин равишда, ўйлаб ўтирмасдан рад қилгандим. Сизлардан фақат битта нарсани илтимос қиламан, халққа менинг гапларимни етказинг: "Сўғдиёна"га қарши ўйин учун мени ишдан бўшатишди, лекин ўйин ҳалол ўтди. Эртага яна мураббийлик ишимни давом эттиришим ва яна оиламни боқишим керак. Инсонни ноҳақ қоралаш эса мутлақо нотўғри иш", дейди мураббий.

У ўзига шундай таклиф билан айнан ким, "Сўғдиёна" жамоасининг қайси вакили алоқага чиққанига очиқлик киритмаган.

"Кимлигини айтгим келмаяпти. Бари бир ҳамма жойда бу каби ҳолатлар бўлиб туради. Агарда мен ҳам "Сўғдиёна", "Бухоро" ёки "Динамо"нинг ўрнида бўлганимда "Илтимос, ёрдам беринглар" деб мурожаат қилишим мумкин эди. Яъни ҳамма нарсани ишга солиб бўлса ҳам олий лигада жон сақлаб қолиш ҳаракатида бўлардим. Аммо биз муддатидан аввал ўз ишимизни бажариб бўлдик", деб жавоб берган мураббий журналистнинг шу хусусдаги саволига.

У ўз жамоаси "Сўғдиёна" билан ўйинда қинғир ишга қўл урмаганини таъидлаб айтган ва бу гапига Қўқон халқига ҳамда жамоа раҳбарлари ишонишини сўраган.

Top