16:26 / 10.11.2015
7558

Таиландда ер юзининг энг новча кишиси оламдан ўтди

Таиланд шимоли-шарқидаги Сурин вилоятида дунёдаги энг баланд бўйли инсон сифатида қайд этилган 26 ёшли Порнчай Саосри вафот этди. Унинг бўйи баландлиги 2 метру 69 сантиметрни ташкил этарди.

Маҳаллий нашрлар маълумотларига кўра, Порнчай кўплаб касалликлардан азият чекарди. У касалхонада оламдан ўтган. Таиланднинг энг новча одами охирги йилларда тўшакка михланиб қолганди. У кейинги 1 йил ичида 72 кг вазн ташлаган, 12 сантиметрга чўзилган.

Ушбу "таиландлик Гулливер"нинг онасининг айтишича, унинг ўғли 6-синфгача одатдаги болалар каби бўлган. 6-синфдалигида эса у бағоятда тез ўса бошлаган. Унда кучли гормон етишмовчилиги кузатилган.

Саосрилар оиласи ўта ночор аҳволда яшайди ва деҳқончилик билан шуғулланишади. Уларнинг бор бойлиги - шоли экиладиган 1 га ер ва 4та ҳўкиздан иборат. 1 ой олдин маҳаллий нашрларда Порнчай Саосри мурожаати чоп этилганидан кейин, унинг учун хайрия маблағи йиғила бошланди. 1 ой ичида 100 минг бат йиғилган (2,8 минг доллар). Бу пуллар йигитнинг даволаниши учун сарфлашга мўлжалланганди, лекин энди бу пуллар унинг дафн маросими учун сарфланади.

Сурин вилоятидагилар Порнчайни дунёнинг энг баланд бўйли кишиси сифатида Гиннес рекордлар китобига киритишни мақсад қилишганди, бироқ бунга улгуришмади. Айни вақтда Гиннес китобида Ер юзининг энг новча кишиси сифатида туркиялик Султон Кесеннинг номи қайд этилган (251 см).

Top