16:05 / 11.11.2015
3473

Ўзавтойўл: IХ Халқаро саноат ярмаркасида 100 млрд сўмдан ортиқ ҳажмдаги шартномалар имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 13 мартдаги "2015 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ташкиллаштириш ҳамда ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси юзасидан жорий йилнинг 26 октябридан 5 ноябрга қадар бўлиб ўтган мазкур тадбирда "Ўзавтойўл" АК тизимидаги корхона ва ташкилотлар ҳам иштирок этишди.

Компания матбуот хизматида маълум қилинишича, IХ Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперацион биржаси якунларига кўра, "Ўзавтойўл" компанияси тизимидаги ташкилотлар ҳамда Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида мазкур корхоналарнинг йўл қурилиши ва сақлашда ишлатиладиган маҳсулот ва техникаларини сотиб олиш бўйича 100 миллиард сўмликдан зиёд, шунингдек, "Ўзавтойўл" тизимидаги корхоналар ишлаб чиқарган маҳсулотларни сотиш бўйича қиймати 12 миллиард сўмдан ортиқ шартномалар имзоланди. Бу ўтган йилда имзоланган шартномаларга нисбатан 112,4 фоизни ташкил қилади.

"Кооперацион биржа доирасида сотиб олинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ускуналар, машина механизмлар ҳамда материаллар - бир томондан компания тизимидаги корхоналарнинг моддий базасини мустаҳкамлашга хизмат қилса, бошқа томондан лозим бўлган бозор инфратузилмасини яратиб, мамлакатимиздаги хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги узоқ муддатли ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади", дейилади хабарда.

Top