18:07 / 11.11.2015
3304

Ўзбекистон делегацияси Буюк Британияга 1 ҳафталик ташриф уюштирди

Ўзбекистон экологик ҳаракати, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда “Ўзбектуризм” миллий компанияси вакилларидан иборат Ўзбекистон Республикаси делегацияси Буюк Британияда ташриф билан бўлиб турибди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар тарқатган.

Ташриф 8-15 ноябрь кунларига белгиланган бўлиб, Буюк Британия парламентининг тегишли қўмиталари, давлат ва ноҳукумат экологик ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар, мамлакат маданияти ва табиати меросининг қатор объектларига ва қўриқланадиган табиат ҳудудларига ташриф кўзда тутилган.

Ташриф давомида Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасида «Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик туризмни ривожлантириш: Ўзбекистон ва Буюк Британия тажрибаси» мавзусида давра суҳбати ҳам ўтказилади.

Тадбир доирасида Британия экспертлари билан биргаликда атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликнинг ҳозирги ҳолати ва ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, ижтимоий экологик назоратни амалга оширишда жамоатчилик иштироки ва экологик туризмни ривожлантиришга оид масалалар бўйича тажриба алмашиш режалаштирилмоқда.

Top