14:33 / 11.11.2015
6548

Ўзбекистонликлар озиқ-овқат маҳсулотларига маошларининг 40 фоизини сарфлайдилар

Ўзбекистон озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси мутахассислари мамлакат фуқаролари озиқ-овқат маҳсулотларига ўртача қанча пул ишлатишларини ҳисоблаб чиқишди. Таҳлил натижаларига кўра, айни пайтда ҳар бир фуқаро бир ой давомида ўртача 40 турдаги маҳсулотлар сотиб олади, бунга ойлик маошининг 40 фоизини сарфлайди.

Бундан ташқари, ҳисоботда келтирилишича, охирги 20 йилда Ўзбекистонда гўшт истеъмоли жон бошига 1.3, сут маҳсулотлари истеъмоли 1.6 баробарга, қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари истеъмоли 4 баробарга ўсди.
Шу билан бир қаторда, озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли ҳажмлари минимал меъёрлар билан қиёсланди.

Масалан, гўшт ва гўшт маҳсулотлари истеъмолининг йиллик меъёри 1.2 млн тоннани ташкил қилгани билан, соҳада йилига 1.9 млн тонна маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.
Сут ва сут маҳсулотлари истеъмоли ҳажми эса жорий йилда 4.8 млн тоннага етди. Охирги 5 йил ичида республикада бу маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажми 8.6 млн тоннага ортди. Озиқ-овқат саноатининг мамлакат ишлаб чиқаришидаги улуши ҳам ошмоқда. Агар 2011 йилда бу кўрсаткич 12.6 фоизга тенг бўлса, ҳозир 17 фоизга етди.

2015 йилнинг 3 чораги мобайнида озиқ-овқат саноати ишлаб чиқаришининг ҳажми 10 трлн сўмни ташкил қилиб, ўтган йил шу даврига нисбатан 16.5 фоизга ортди.
Ҳисобот даврида тармоқда 291.7 млрд сўмлик лойиҳалар амалга оширилди. Бу 9.8 минг қўшимча иш ўрни яратишга хизмат қилди.

2015 йил охирига қадар 389.8 млрд сўмлик лойиҳалар амалга ошириш ва 10.5 минг иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Бугунги кунда озиқ-овқат саноати корхоналари 3 минг турдаги маҳсулотлар етказиб бермоқда. Ҳар йили ўртача 80 янги номдаги маҳсулот бу рўйхатга қўшилмоқда.

Top