11:15 / 12.11.2015
5292

Будапештдаги уй деворларидан Холокост қурбонларига оид 6.3 минг формуляр топилди

Будапештдаги уй деворларидан Холокост қурбонларига оид 6.3 минг формуляр топилди. Айтилишича, бу шахсий карталар 1944 йили Венгрия яҳудийлари томонидан тўлдирилган. Австриянинг Krone газетаси ҳужжатлар шаҳар марказидаги парламент биноси яқинидаги шахсий уйлардан бирида ўтказилаётган таъмирлаш ишлари чоғида топилганини хабар қилди.

“Бу ҳужжатлар тарихий қийматга эгадир, - маълум қилди Будапеш шаҳар архиви раҳбари Иштван Кенгерес. – Рўйхат қоғозлари яхши сақланиб қолган”.
Мутасадди топилган архив бундай турдаги ҳужжатларнинг учдан бир қисмини ташкил қилишини айтди. Иккинчи Жаҳон уруши йилларида Венгрия ҳудудида истиқомат қилган 800 минг яҳудийдан 600 минги ўлдирилган.

Уларнинг аксарият қисми Освенцим концлагерида ҳалок қилинган. Топилган ҳужжатлар 1944 йил 30 май куни Будапешт шаҳар кенгаши томонидан ўтказилган қайта рўйхатга олиш тадбирига алоқадордир. Ўшанда яҳудийлар христиан аҳолидан ажратиб олинган эди. Орадан бир ой ўтиб, яҳудийлар ўз уйларини тарк этиб, геттога кўчиб ўтишга мажбур бўлган эди.

Яҳудийлар Германияда 1933 йилдан таъқиб остига олинди. Яҳудийларнинг бутунлай йўқ қилиш ҳақидаги узил-кесил қарор 1942 йили бўлиб ўтган Ванзее конференциясида қабул қилинган эди. 12 йил ичида Европада жами 6 млн яҳудий ўлдирилган.

Top