09:09 / 12.11.2015
4941

Ўзбекистон 2015 йилги глобал инновация индексида 122- ўринда қайд этилди

Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти «Тhe global innovation index 2015. Еffective innovation policies for development» ҳисоботини эълон қилди. Жорий йилда ҳисобот инновацияларнинг иқтисодий ўсиш ва тараққиётга таъсирига бағишланди.

“Инновациялар тараққиётнинг барча босқичларида мамлакатлар иқтисодий ривожланишини тезлаштириш учун шароит яратади. Бироқ улар автоматик равишда вужудга келмайди”, - дейди ЖИМТ бош директори Фрэнсис Гарри тақдим этилган “2015 йилнинг глобал инновация индекси” ҳисоботига асосланган ҳолда.

Унинг қайд этишича, “ҳар бир мамлакат ўз иқтисодиётидаги инновациялар ва ижодий салоҳиятни ишга соладиган мажмуавий чора-тадбирлар сиёсатини белгилаб олиши керак”. БМТ Янгиликлар марказининг хабар беришича, янги ҳисоботда экспертлар юқори даражадаги даромадга эга мамлакатлар ва ривожланаётган давлатлар қандай қилиб турли хил янгиликлар билан тараққиётни жадаллаштираётганини кўрсатиб беришди.

2015 йилда асосан юқори даражадаги даромадга 25 давлатдан иборат гуруҳ инновация рейтингининг баланд поғоналарини эгаллашди.
Top-10 рейтин:
1. Швейцария (2014 йилда 1- ўрин).
2. Бирлашган Қироллик (2).
3. Швеция (3).
4. Нидерландия (5).
5. Америка Қўшма Штатлари (6).
6. Финляндия (4).
7. Сингапур (7).
8. Ирландия (11).
9. Люксембург (9).
10. Дания (8).
Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ҳудудида Россия инновация рейтингида 48- ўринни эгаллаган бўлса, Беларусь – 53, Украина – 64 ва Грузия – 73- ўринда қайд этилган.
Ҳисобот муаллифлари бир қатор қашшоқ мамлакатлар инновациялар соҳасида катта муваффақиятга эришганини таъкидлаб ўтишди.

Жумладан, тезкор инноваторлар гуруҳига ўртача ва паст даромадга эга давлатлардан Китай (рейтингда 29- ўрин), Малайзия (32), Вьетнам (52), Ҳиндистон (81), Иордания (75), Кения (92) ва Уганда (111) кирди.
Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида инновациялар етакчиси сифатида Ҳиндистон ва Қозоғистон рейтингдаги 81 ва 82- ўринларни эгаллаган ҳолда етакчи бўлишди. Ўзбекистон эса 122- ўринда тилга олинди.

Top