19:09 / 14.11.2015
8155

MAN Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги экспорт пунктига айлантирмоқчи

Германия Truck & Bus машинасозлик компанияси Марказий Осиё давлатлари бозорларига ўз маҳсулотларини чиқариш учун Ўзбекистонни экспорт пунктига айлантиришни режалаштирмоқда, деб маълум қилди компаниянинг минтақавий раҳбари Ян Колмайер Тошкентдаги форумда.

Колмайернинг айтишича, Ўзбекистон бугунги кунда немис компаниясининг Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон бозорларига кириш нуқтаси сифатида хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон бугунги кунда MAN маҳсулотлари сотиладиган 10 та етакчи давлат қаторига киради. Жорий йилда компания Самарқанддаги заводида 5 мингинчи юк машинасини ишлаб чиқарди ва республикадаги йиғиш қувватларини ҳар йили 3 мингта катта юк ташувчи техника бирлигига етказди.

Колмайернинг фикрича, яқин орадаги истиқболда ўсишнинг муҳим нуқталари жорий йилда ишга туширилган иккита лойиҳа бўлади. Бу лойиҳалар икки типдаги автобус ишлаб чиқарилиши ва юк машиналарини маҳаллийлаштириш бўйича ишларни бошлашдан иборат.

Яқин икки йил ичида штампли, металл, пластик ва бир қатор бошқа деталлар ҳамда юк машинаси кабинасини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш режалаштирилган. 2020 йилнинг охирига Ўзбекистонда кабина ички ва ташқи деталлари, кардан вал, радиатор, ёнилғи баклари, пўлат дисклар ва бошқа бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.

Колмайернинг айтишича, автобуслар ишлаб чиқариш борасида Ўзбекистон етакчилардан бирига айланади, чунки ҳозир янги автобус – MAN Lion`s CNG синовдан ўтказилмоқда. Бу автобус Bus Euro Test кўрик танловида “2015 йил автобуси” деган унвонни қўлга киритган.

Бу турдаги автобусларни йиғиш ишлари Самарқандда бошланади. Компания бу билан тўхтаб қолмоқчи эмас: яқин келажакда Ўзбекистонда табиий газда ҳаракатланучи сайёҳлик автобуслари ишлаб чиқариш бошланади.

MAN вакилининг айтишича, Ўзбекистон бозори катта салоҳиятга эга ва немислар Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиёда ўз мавқеларини ўз маҳсулотлари линейкасини янада кенгайтириш ва махсус техника ишлаб чиқариш ҳисобига мустаҳкамламоқчи.

MAN Auto-Uzbekistan қўшма корхонаси “Ўзавтосаноат” АЖ ва Германиянинг МAN Nutzfahrzeuge AG компанияси томонидан 2009 йил августда яратилган. Ўтган йили компания турли модификациялардаги 1245 та юк машинаси ишлаб чиқарган, бу йили эса 1250 та чиқаришни мўлжалламоқда.

Top