07:50 / 14.11.2015
13964

Парижда содир этилган 6 та терактда ҳалок бўлганлар сони 150 дан ошиб кетди

Парижда содир этилган 6 та терактда ҳалок бўлганлар сони 150 дан ошиб кетди, деб хабар бермоқда CNN телеканали.  

Турли маълумотларга кўра, Парижда 13 ноябрь кечки пайт 6 тадан 7 тагача теракт амалга оширилган: 4 та ҳужумда одамларга қарата ўқ узилган, “Батаклан” концерт залида одамлар гаровга олинган, шаҳар четидаги “Стад де Франс” стадиони ёнида 3 та портлаш содир этилган. Ушбу ҳужумлар учун жавобгарликни ИШИД террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олган.  

Аввалроқ Париж расмийлари 140 киши ҳалок бўлганини маълум қилишганди. Париж прокурори Франсуа Моленс терактлар Парижнинг 6 та жойида бир вақтда содир этилганини маълум қилган.  

Охирги маълумотларга кўра, ҳужумлар қурбонлари сони 153 нафарга етган, улардан 112 нафари махсус хизматлар томонидан озод этилган “Батаклан” концерт залида ҳалок бўлган.

Кўплаб одамлар яраланган, эвакуация ишлари олиб борилмоқда. Франция бўйлаб фавқулодда вазият тартиби киритилди, чегара назорати кучга кирди, хавфсизликни таъминлаш мақсадида 1,5 минг ҳарбий сафарбар қилинди.

Top