15:01 / 14.11.2015
4384

Париждаги теракт: Жароҳатланганлар сони 250 нафарни ташкил этмоқда

Париж шаҳрида 13 ноябрь оқшомида содир этилган давомли терактлар туфайли жароҳат олиб, шифохоналарга ётқизилганлар сони 250 нафарга етди. Бу ҳақда прокуратурадаги манбасига асосланган ҳолда, Франс Пресс нашри хабар тарқатган.

Бундан олдинги хабарларда, расмий манбалар қурбон бўлганлар сони 128 нафар, жароҳатланганлар эса 180 нафарлигини маълум қилганди. Жароҳатланганларнинг 99 нафари оғир аҳволда экани айтилган.

Кеча Франция тарихидаги энг катта теракт содир бўлди. Франция Президенти фавқулодда вазият эълон қилди, давлат чегаралари ёпилди.

Париждаги “Батаклан” театрини босиб олиш вақтида гаровдаги одамларнинг 100 га яқини ўлдирилган, қолганлари эса пойтахтнинг бошқа районларидаги терактларда вафот этган.

Дастлаб номаълум кишилар Парижнинг 10-округидаги ресторанларидан бирида отишма бошлашган. Сўнгра америкалик рок гуруҳи концерт бераётган “Батаклан” театрида 100 га яқин киши гаровга олингани тўғрисида хабар тарқалди.

Бундан ташқари, Франция ва Германия ўртасида футбол бўйича ўртоқлик учрашуви бўлаётган “Стад де Франс” стадиони яқинида гранаталар портлатилган, бу вақтда мамлакат президенти Франсуа Олланд ҳам стадионда эди.

Кейинчалик Сена дарёсининг ўнг қирғоғидаги Париж кўчаларидаги ресторанларга ташриф буюрганларга қарата ўқ узишлар содир этилганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Ҳокимият парижликларга дарҳол уйларига қайтишни буюрди. Париж шифохоналари фавқулодда ишлаш ҳолатига келтирилган.

Франция таълим вазирлиги пойтахт ҳудудидаги шанба куни бўладиган мактаб ва университетлардаги барча машғулотларни, шунингдек мактаб саёҳатлари ва экскурсияларни бекор қилди.

Террорчилик ҳаракатлари учун жавобгарликни “Ислом давлати” террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олди.

Top