20:39 / 15.11.2015
3225

Андижонлик футболчилар Бухоро шаҳрида ўтказилган Республика турнирида ғолиб бўлди

Андижонда етишиб чиқаётган ёш футболчиларнинг Республика миқёсидаги турли мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлаётгани таҳсинга лойиқ.
7-13 ноябрь кунлари Бухоро шаҳрида Олий ва Биринчи лига жамоалари футбол мактаблари ўртасида мамлакат биринчилиги бўлиб ўтди.
Мусобақада юртимизнинг турли вилоят ва шаҳарларидан ташриф буюрган ёш футбол жамоалари иштирок этди.


Андижонлик футболчилар турнир давомида “Машъал” клуби тарбияланувчиларини 1:0, “Бухоро” ни 2:0, “Обод” жамоасини 1:0 ҳисобида енгиб, финал баҳсига йўл олди.
Муросасиз кечган финал учрашуви - “Бухоро” - “Андижон” ўйинининг асосий вақтида ҳисоб очилмай, ғолиб пенальтилар сериясида аниқланадиган бўлди. Ўзига ҳос “футбол лотореяси”да андижонликлар 6:7 ҳисобида улоқни олиб кетдилар.


Андижон шаҳридаги футбол бўйича ихтисослашган мактаб-интернатида ғолибларни кутиб олиш маросими ўтказилди. Маросимда сўз олган Андижон вилоят футбол федерацияси биринчи вице-президенти Бекзодбек Каримов, мактаб-интернати директори Насибулло Мадраҳимов ҳамда тарбияланувчиларнинг ота-оналари ғолиб жамоа вакилларини эришган ютуқлари билан табрикладилар.

Муаллиф: Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон.

Top