10:02 / 17.11.2015
4333

Австралияга дастлабки суриялик қочқинлар етиб келди

Австралиянинг Перт шаҳрига беш нафар суриялик етиб келди. 17 ноябрь куни Австралия Ижтимоий хизматлар вазири Кристиан Портернинг маълум қилишича, улар ҳозирда миграция хизматлари ходимларининг ишончли паноҳида.
Беш киши (бир оила аъзолари – ота-она ва уч фарзанд) Австралия ўз ҳудудидан жой беришга рози бўлган илк суриялик қочқинлардир.

Мамлакат ҳукумати эълон қилган режага кўра, яшил қитъагда Яқин Шарқ қочқинлар лагерларидан 12 минг нафар Сурия ва Ироқ фуқаролари қабул қилиб олинади.
Ҳукуматнинг мазкур қарори ижросига австралияликлар яқиндагина Яқин Шарқ ва Францияда содир бўлган йирик терактлар сабабли кескин норозилик билдирмоқда.

Париждаги фожиавий воқеалардан кейин Янги Жанубий Уэльс штати парламентининг қуйи палатаси спикери ўринбосари Энжрю Фрейзер ҳукуматга Яқин Шарқ мамлакатларидан бўлган қочқинларга давлат чегараларини ёпиш ҳақида очиқ мурожаат билан чиқди. “Австралия Яқин Шарқ қочқинларига муҳтож эмас, чегараларни ёпинг, бизда анархистлар шусиз ҳам етарлича топилади ва бизга уларнинг қочқинлар ниқоби остидаги янгилари керак эмас”, - деди қонуншунос.

Австралия ТИВ раҳбари Жули Бишоп эса 17 ноябрь куни мазкур чақириқни инкор этиб, қочқинлар лагерларида келгусида Австралияга кўчирилиши кўзда тутилган одамларни танлаш жараёни индивидуал ва хавфсизлик нуқтаи назаридан ишончли тарзда ташкил этилишини маълум қилди.

Top