15:42 / 17.11.2015
8142

Ўзбекистонда Жанубий Корея нодавлат ташкилоти фаолиятидан хавотир билдирилмоқда

Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг Осиё маданият ва тараққиёт институтининг Тошкентдаги ваколатхонаси фаолиятидан хавотир билдирилмоқда.
12news.uz мухбирининг Адлия вазирлигидаги ахборот манбаси маълумотига асосланиб хабар беришича, низомга кўра, институт хайр-саховат, инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиши, дори воситаларини етказиб бериши ва бошқалар билан шуғулланиши лозим.

1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан аккредитациядан ўтган институт “Hangil Eye Hospital” (офтальмологик), “Dental Service International” (стоматологик) ва “All Nations Friendship Hospital” (умумий терапевтик) шифохоналарини ўз ичига олган.
“Бироқ сўнгги йилларда институт бошқа мақсадларини амалга оширган. 2005 йилдаёқ корейс ва ўзбек фуқароларидан иборат ходимларининг миссионерлик ҳамда прозелит (янги динга тарғиб этиш) фаолияти билан шуғуллангани аниқланган эди.

Улар Ўзбекистоннинг туб аҳолиси ўртасида маҳаллий фуқароларни ўз сафларига қўшиш мақсадида христианликнинг протестантлик оқими таълимотининг тақиқланган ғояларини тарғиб этишган. Ўшанда фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ваколатхона аккредитациясини вақтинча тўхтатиб, фаолиятини уч ой муддатга тўхтатиш ҳақида қарор чиқарган эди”, - деди Адлия вазирлиги вакили.
Бироқ ўзбилармон хорижликлар ўз позициясида қолди.

Аккредитация вақтинчалик бекор қилиниб, институтнинг Тошкентдаги фаолияти тўхтатилгандан сўнг АҚШ фуқароси Анденрс Эриксон ва Гарольд Кейт Даннўз фаолиятини “Lancaster International Trading Company, Inc” ва “Trove Trading Company, Inc” фирмаларига асос солган ҳолда давом эттирган. Осиё маданият ва тараққиёт институтининг Тошкентдаги ваколатхонаси собиқ ходимлари Моника Суен Ли, Хван Чо, Донг Енг Шин, Енг Сук Ли, Кароль Нам Ким Ўзбекистондан чиқариб юборилган.

“Кейинроқ маълум бўлишича, улар ҳеч қандай тиббий маълумотга эга бўлишмаган. Янада аниқроқ айтганда, тиббий ёрдам кўрсатиш ниқоби остида улар протестант оқими ғоялари ва ақидаларини тарғиб қилган. Психологик қайта ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида улар ўзбек тили, тарихи, маданияти ва маҳаллий аҳоли менталитетини ўрганишади. Ҳаттоки ўзларига миллий исмлар ҳам танлашади. Улар ҳаракати натижасида Тошкент шаҳри ва Ўзбекистон вилоятларида асосий қурбонлари ёшлар бўлган норасмий диний гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди.

Сўнгги йилларда улар Гиппократ қасами ҳақида батамом унутишди. Шу муносабат билан институт ваколатхонаси ва мамлакатимиз назорат органларига сифатсиз тиббий хизмат кўрсатилгани тўғрисида мунтазам раившда шикоятлар келиб тушган”, - дейди агентлик суҳбатдоши.
Унинг сўзларига кўра, шу муносабат билан шифохоналар ходимлари ва раҳбарларига нисбатан тегишли чоралар қўлланилган.

Top