15:13 / 17.11.2015
5132

Ўзбекистонда талабалар театр студиялари ўртасида фестиваль бошланди

Бугун, 17 ноябрь куни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида “Ёшлар ҳафталиги” тадбирлари доирасида Олий ва ўрта таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамкорлигида олий таълим муассасаларида ташкил этилган талабалар театр студиялари ўртасида ўтказиладиган фестиваль кунлари бошланди.

Фестивалда Қорақалпоқ давлат университетининг “Жайҳун”, Қарши давлат университетининг “Зиё”, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг “Камолот”, Тошкент кимё технология институтининг “Кимёгар”, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг “Шекспир ҳаваскорлари”, Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг “Педиатр” талабалар театр студиялари иштирок этишади.

“Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба ёшларни театр санъатига бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида мазкур фестивал ташкил этилди.

Фестивалда қатнашаётган рақиб жамоаларимиз ҳам иқтидорли ёшлардан иборат. Бугун биз бошқа иштирокчилардан фарқли ўлароқ ўзимиз яратган саҳна асарини намойиш этдик”,―дейди “Камолот” талабалар театр студияси аъзоси Отабек Ибрагимов.

Фестивалнинг якуний финал босқичи жорий йилнинг 19 ноябрь куни Ўзбек миллий академик драма театрида бўлиб ўтади.

Эъзоза Нажимова, ЎзДЖТУ талабаси

Top