08:53 / 17.11.2015
3848

Самвел Бабаян: Таркибимиз оптимал кўринишда

Жаҳон чемпионати-2018 иккинчи саралаш босқичи “H” гуруҳи, 8-тур ўйинлари доирасидаги Яман – Ўзбекистон учрашуви олдидан матбуот анжумани ташкил этилиб, унда аввал Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ҳамда терма жамоа ярим ҳимоячиси Сардор Рашидов иштирок этишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол федерацияси матбуот хизмати хабар тарқатган.

“Эртага Ўзбекистон миллий терма жамоасини қийин учрашув кутиб турибди”, — дея сўз бошлади Самвел Бабаян. — Ушбу рақиб Тошкентдаги ўйинда бизга жуда яхши қаршилик қилганди. Шунингдек, бу жамоа сўнгги турда Филиппинни сафарда мағлуб этди. Бу ўйинга биз жиддий тайёргарлик кўрдик. Чунки ушбу босқичда осон таслим этиладиган рақиб йўқ. Барча жамоалар ҳар бир ўйинга жиддий эътибор қаратяпти. Шу қаторда биз ҳам. Бўлажак учрашувда ҳам ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни намойиш қилишга интиламиз ва керакли натижани қўлга киритамиз деган умиддаман”.

Футболчиларнинг ҳолати ва таркиб борасида берилган саволга жавоб берар экан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи шунадай деди: “Барча футболчилар ўйинга тайёр. Таркибмиз оптимал кўринишда. Эртанги ўйинда ғалаба қозониш имкониятига келадиган бўлсак, устунлик биз томонда. Бироқ бу билан Яман терма жамоасини камситиш ниятим йўқ. Уларда бир неча кучли футболчилар бор. Айниқса дарвозабонни алоҳида кўрсатган бўлардим. У жуда ишончли посбон ва сўзсиз ўз жамоасининг ярмидир. У жуда кўп ҳолларда жамоасини голлардан қутқариб қоляпти. Айнан у Филиппинга қарши ўйинда Яманнинг ғалабасига катта ҳисса қўшди. Тошкентдаги ўйинда ҳам ўзини яхши томондан кўрсата олганди”.

Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси қанот ярим ҳимоячиси Сардор Рашидов ҳам ўйин борасидаги фикрларини билдириб ўтди.

“Яман терма жамоаси анча жиддий рақиб. Биз уларнинг ўйинларини кўрдик, ўргандик. Хусусан Филиппинга қарши сафарда ғалаба қозонилган ўйинни ҳам. Ўша ўйинда эртанги рақибимиз жуда яхши ўйин кўрсатди. Бироқ эртанги ўйинда биз ғалаба қозонамиз, деб ўйлайман”.

Журналистлар сўнгги вақтларда гол уриш борасида анча яхши кўрсаткичлар қайд этаётган Сардор Рашидов Яманга қарши дастлабки ўйинда дарвозани ишғол қилолмаганини эслаб, бўлажак ўйинда гол ура олиш, олмаслиги ҳақида берилган саволга Рашидов қуйидагича жавоб берди:

“Авваламбор, футбол — жамоавий ўйин. Мен учун энг муҳими — терма жамоа ғалаба қозонса бўлди. Голни айнан ким уриши катта аҳамиятга эга эмас. Тўғри, Яманнинг ҳимоя чизиғи ёмон эмас. Аммо жудаям кучли ҳам, демаган бўлардим. Биринчи ўйинда улар ёмон ҳимояланмаганига қарамай, барибир, биз ғалаба қозона олдик”.

Top