19:05 / 19.11.2015
2108

ТИВда Ўзбекистон ва Финляндия соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамкорлиги юзасидан таклифлар кўриб чиқилди

2015 йилнинг 19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Финляндиянинг фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Хельсинки шаҳрида) Никлас Линдквист билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВнинг матбуот хизмати хабар тарқатган.

Суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама алоқаларнинг ҳолати ва устувор йўналишлари кўриб чиқилди, шунингдек минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда ташқи ишлар вазирликлари ўртасида мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш амалиётини давом эттириш, икки мамлакат парламентлари, давлат тузилмалари, бизнес доиралари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлашдан томонларнинг ўзаро манфаатдорлиги таъкидланди.

Савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларини муҳокама қилиш доирасида, 5-6 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида жаҳоннинг 33 мамлакатининг, шу жумладан Финляндиянинг, 250дан ортиқ етакчи компаниялари, иқтисодий ва молиявий бирлашмалари вакиллари иштирок этган Халқаро инвестиция форумининг муваффақиятли якунлари ҳақида Финляндия томони хабардор қилинди.

ТИВдаги учрашувда Ўзбекистон ва Финляндия соғлиқни сақлаш муассасалари, илмий ва таълим ташкилотлари ҳамкорлиги юзасидан таклифлар ҳам кўриб чиқилди.

Top