08:08 / 20.11.2015
7338

АҚШ Россияга А321 бортида теракт содир бўлганини исботловчи далилларни тақдим этган

Россия ТИВнинг терроризм масалалари бўйича департаменти раҳбари Илья Рогачев "Коммерсантъ" газетасига берган интервьюсида Россия томони А321 самолёти бортида бомба портлаганини исботловчи маълумотлар АҚШдан олингани ҳақида маълум қилди.

"Билганим шуки, ҳалокатга учраган самолётга оид баъзи маълумотлар америкалик ҳамкорлар томонидан жўнатилганди. Тегишли муассасалар бу маълумотларни ўрганишган. Шунингдек, бу масала бўйича доимий равишда Буюк Британия томони билан ҳам муҳокамалар ўтказилган", дейди у.

Бироз олдинроқ, Россия ТИВ раҳбари ўринбосари Олег Сиромолотов Буюк Британия элчиси Тим Барроу билан террорчиликка қарши кураш ва авиация хавфсизлиги масалалари бўйича ҳамкорлик қилишни муҳокама этгани тўғрисида хабар берилганди.

Оқ уй матбуот хизмати раҳбари Жош Эрнест АҚШ ва Россия томонлари ўртасида А321 фалокати бўйича маълумотлар алмашинуви давом этаётгани ҳақида айтиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, 31 октябрь куни Мисрнинг Синай ярим оролидаги Шарм-аш-Шайх шаҳридан Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига йўл олган А321 самолёти йўлда қулаб тушган, унинг бортидаги барча 224 киши ҳалок бўлганди.

17 ноябрь куни Россия ФХХ бу самолёт теракт туфайли ҳалокатга учраганини тасдиқлади.

Top