19:52 / 20.11.2015
9804

Икки маст қозоғистонлик Хитойдаги таниши билан учрашиш учун ер ости йўли қазиди

Икки қозоғистонлик чорва сотувчи таниши билан учрашиш учун Хитойга ер ости йўли қазиди. Бу ҳақда Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси чегара хизматига иқтибос келтирган ҳолда Zakon.kz нашри маълум қилди.

Чегара хизматида айтишларича, Олма-ота вилоятида яшовчи Тулкибой ва Элдор исмли эркак 19 ноябрда спиртли ичимлик истеъмол қилган. Бу орада уларнинг мияларига қишлаш жойи чегара заставаси ортида, Хитой томонда жойлашган танишлари Берикдан чорва сотиб олиш фикри келиб қолган.

Шундан кейин эркаклар чегара олдига бориб, назорат полосасини кесиб ўтиб, штик белкураги ёрдамида “Текес” чегара заставасининг электр сигнализацияси остидан йўл қазишди.

Бироқ эркаклар ўз танишлари билан учраша олмадилар: қоидабузарларни застава томондан келаётган автомобиль чироқлари чўчитиб юборди. Шундан кейин эркаклар ортларига қайтиб, уйларига тарқаб кетишди. Эртасига Тулкибой ва Элдор ўз уйларида қўлга олиндилар.

20 ноябрда Қирғизистоннинг Манғистау вилоятида Қозоғистон давлат чегарасини бузган 5 нафар россиялик ярим йилга қамоқ жазосига маҳкум этилди. Улар Россиядан Қозоғистоннинг Каспий денгизидаги Кулали оролига моторли қайиқда ноқонуний келганликда айбланганлар.

Top