08:48 / 21.11.2015
2402

Малидаги меҳмонхонага жангарилар ҳужуми туфайли бир америкалик ҳалок бўлган

АҚШ давлат департаменти Малидаги меҳмонхонага жангарилар ҳужум уюштириши оқибатида ҳалок бўлганлар орасида бир америкалик ҳам борлигини маълум қилди.

Бундан олдинроқ, Малидаги теракт туфайли ҳалок бўлганлар орасида Франция ва АҚШ фуқаролари бўлмагани айтилганди.

Франция мудофаа вазири Жан-Ив Ле Дриан телеэфирдан туриб, шу ҳақда маълумот берган.

АҚШ Давлат департаменти эса меҳмонхонада гаровга олинганлар орасида АҚШ элчиси ва дипломатик миссия аъзолари бўлгани, улар соғ-саломат қутқарилгани тўғрисида маълум қилинганди.

Шу билан бирга қурбонлар орасида америкаликлар йўқлиги қайд этиб ўтилганди.

Эслатиб ўтамиз, 20 ноябрь куни эрталаб Мали пойтахти Бамако шаҳридаги Radisson Hotel Bamako меҳмонхонасига жангарилар бостириб кирди ва 170 кишини асирга олди.
Гаровдагиларни қутқариш учун ўтказилган амалиётда Франция ва АҚШ, шунингдек БМТ тинчликпарвар кучлари вакиллари иштирок этишган.

Дастлабки маълумотларга кўра бу хуруж оқибатида 27 киши ҳалок бўлгани айтилган.

Top