21:24 / 23.11.2015
9247

Илгарилари чўнтакка сиғмаган қурилмалар

12 мегапикселли “Pentax Q” чўнтак фотокамераси

“Pentax Q” деб номланувчи бу қурилма ўзига хос. У фотоаппаратдан кўра калитга осиб юриладиган ўйинчоққа ўхшайди. 

Ушбу фотоаппарат 12,4 мегапикселли кенгайтмада суратга олади, диаганали 3 дюймли экрани бўлиб, объективи 170 даражали суратга олиш бурчагига эга.  

“Pentax Q”нинг узунлиги 7 ва эни 3,1 сантиметр. 

“Pico P” – чўнтак проектори

“Pico P” – бозорга чиқарилган илк чўнтак проекторларидан. Унинг ўлчами мобиль телефон билан тенг бўлиб, нафақат телефонга, балки планшет, ноутбук ва компьютерга ҳам уланиши мумкин. Қурилма симсиз интерфейс ёки miniUSB ва HDMI орқали уланади. 

“3Doodler” – уч ўлчамли чўнтак принтери

Бир неча йил олдин уч ўлчамли принтерларнинг катталиги нусха кўчириш аппарати ёки шкафчалик келарди. Аммо ҳозир ундай эмас.

“3Doodler” деб номланувчи уч ўлчамли принтер шакли ва ўлчами жиҳатидан ручкани эслатади. Қурилманинг ичи пластик билан тўлдирилган бўлиб, иш жараёнида у эрийди ва принтер учидан ингичка, қайноқ ҳолда чиқади. У бир лаҳзада қотади

“3Doodler” принтеридаги бошқарув тугмачалари пластикнинг эриш ва оқиш тезлигини бошқариш имконини беради. Мазкур принтер ёрдамида кичик пластик деталлар, сувенирлар, ўйинчоқлар чоп этиш мумкин. 

Minipresso – чўнтак қаҳвақайнатгичи 

“Minipresso” – дунёдаги биринчи чўнтак қаҳвақайнатгичидир. Унинг катталиги кичик термосчалик бўлиб, бир зумда қаҳва тайёрлаш имконини беради.

Қаҳва тайёрлаш учун унинг ичига қайноқ сув қуйиб, қаҳва кукуни солинган фильтр ўрнатилади ва бир неча ўн сония давомида махсус ричагни қўл ёрдамида босилади. 

“Zotac ZBOX PI320 pico” – чўнтак тизим блоги 

2014 йилнин кузида сотувда янги чўнтак компьютери – “Zotac ZBOX PI320 pico” пайдо бўлди.

У тўлақонли тизим блоки бўлиб, чўнтакка бемалол жойлашади.

“Zotac ZBOX PI320 pico”га 1,83 гигагерцли “Intel Atom Z3735F Bay Trail” процессори, 2 гигабайт тезкор ва 32 Гб доимий хотира ўрнатилган. У “Windows 8.1” тизими асосида ишлайди. Бу қурилмадан фойдаланиш учун уни энергия манбаи ва мониторга уласангиз бас. Қурилманинг нархи – 199 доллар.

Top