21:32 / 23.11.2015
18679

Рэй Курцвейлнинг яқин 25 йилга берган башоратлари

Билл Гейтс Рей Курцвейл ҳақида гапирганда, “сунъий ақл-идрокнинг келажагини башорат қилиш бўйича энг яхши башоратчилардан бири деб биламан”, деб айтган. Курцвейл сунъий идрок бўйича билдирган башоратлари билан машҳур. Қуйида Курцвейлнинг навбатдаги 25 йил учун берган энг қизиқ башоратлари келтирилган. Бироқ бундан аввал Рэй Курцвейл ўзи ким эканлигига аниқликлик киритиб олайлик. 

Келажакни башорат қилувчи ва ҳозирда Google компаниясининг техник директори Курцвейл 7 китоб муаллифи ҳисобланади (бу китоблардан 5 таси катта нусхада сотилган), 20 та нуфузли докторлик даражалари соҳиби ва уч нафар АҚШ президенти томонидан кўкрак унвонлари билан тақдирланган. 

У, шунингдек, биринчи планшет сканеридан тортиб, кўзи ожизлар учун ҳарф босувчи машиналаргача, кўплаб технологиялар ихтирочиси ҳисобланади. Шу билан бирга, Курцвейл Силикон водийсида жойлашган “Singularity University” таълим бериш муассасасининг таъсисчиларидан бири ҳисобланади ҳамда Ларри Пейж билан бирга Google сунъий интеллектини ривожлантириш бўйича биргаликда иш олиб боради. 

Қисқасини айтганда, Рэй Курцвейл жуда ақлли инсон ҳисобланиб, унинг башоратлари жуда катта қизиқиш уйғотади. У бизлар ҳозирда одамзод тарихидаги энг қизиқ даврда яшаётганимизни доимо эслатиб туради. Келинг, Курцвейлнинг охирги 25 йил ичида айтган башоратларидан рўёбга чиққанларидан энг қизиқарлиларини ҳукмингизга ҳавола этайлик. 

Курцвейл 1990 йилда (25 йил муқаддам) қуйидагиларни башорат қилган:

- компьютер 1998 йилда шахмат бўйича жаҳон чемпионини ютишини айтган. 1997 йилда “Deep Blue” дастури ҳақиқатан ҳам ўша пайтдаги жаҳон чемпиони Гарри Каспаровни мағлуб этди;

- шахсий компьютерлар 2010 йилда интернетга симсиз кира олиш қобилиятига эга бўлиб, саволларга жавоб бера олишини айтган. Кўриб турганингиздек, у яна ҳақ бўлиб чиқди;

- 2000 йиллар бошида экзоскелетлар ногиронларга юришга имкон беришини башорат қилган. Ҳозирда “Ekso Bionics” каби компаниялар айнан шу ва бошқа ишларни бажарадиган технологияларни ишлаб чиқишга муваффақ бўлишди.

1999 йилда қуйидагиларни башорат қилган:

- 2009 йилда инсонлар компьютерга овозли буйруқлар бера олишини айтган. Бироқ 2009 йилда “Siri” ва “Google Now” каби табиий тил интерфейслари ўзларининг бу йўналишдаги узун йўлларини бошлашган бўлсалар-да, яқин орада биз клавиатурадан фойдаланишимизга умуман ҳожат қолмаслиги эҳтимоли жуда катта. 

- 2009 йилда компьютер дисплейлари кўзойнакларга ўрнатилади ҳамда тўлдирилган реалликни яратади деб айтган. Лабораториялар ҳамда олимларнинг изланишлари натижасида бундай дисплейлар 2009 йилдан анча йил олдин яратила бошланган. Бироқ Google компанияси Google Glass прототипларини фақатгина 2011 йилда тажрибадан ўтказишни бошлади. Ҳозирги кунда биз тўлдирилган ва виртуал реаллик соҳасида катта силжишни кузатяпмиз. Microsoft компанияси бу борада “HoloLens”ни намойиш этди, “Magic Leap” компанияси эса жуда қизиқ технологиялар устида иш олиб бормоқда.

2005 йилда қуйидагиларни башорат қилган:

- 2010 йилда виртуал ечимлар эвазига бир тилдан иккинчи тилга таржималарни онлайн режимида амалга ошириш мумкин бўлади, деган. Айтиш жоизки, Microsoft (Skype Translate), Google (Translate) ва бошқалар буни аллақачон амалга ошириб бўлдилар. “Word Lens” каби баъзи дастурлар эса умуман сизнинг камерангиздаги сўзларни таржима қила олиш имкониятига эга. 

 

Курцвейлнинг яқин 25 йилга берган башоратлари

Қуйида Курцвейл томонидан берилган баъзи башоратлардан бор-йўғи бир нечтаси келтирилган. Курцвейл бу башоратларда йил каби майда-чуйда жиҳатларда адашиши мумкин бўлсада, бироқ унинг бу башоратлари одамни ҳайратга солади. Улар орасида тадбиркорларда қизиқиш уйғотиши мумкин бўлганлари ҳам мавжуд. 

2020 йилнинг охирига келиб тасвирлар тўғри кўз пардасига акслантирилади. Ўн терабайт ҳисоблаш қуввати (инсон мияси деярли шунча ҳисоблаш қувватига эга) 1000 долларга айланиши мумкин.

2020 йилларга келиб кўпчилик касалликларнинг давоси топилади, чунки наноботлар ҳозирги даврдаги тиббиёт технологияларидан кўра ақллироқ бўлади. Одам озиқланадиган нормал озиқа маҳсулотлари нанотизимлар билан алмаштирилиши мумкин бўлади. Тьюринг тести доимий равишда ўтказилиб турилади. Йўлларда ўзи бошқарилувчи автомобиллар кўпайиб, одамларга автомобилларни бошқариш тақиқлаб қўйилади. 

2030 йилларга келиб виртуал реаллик 100 фоиз ҳақиқатда сезиладиган бўлади. Биз бу ўн йилликнинг охирига келиб, ўз миямизга маълумотларни юклай олиш имкониятига эга бўламиз. 

2040 йилларга келиб нобиологик идрок биологик идрокка (яъни бизнинг идрокка) нисбатан миллиард марта кучлироқ бўлади. Нанотехнологиялар том маънода ҳаводан исталган озиқа ёки исталган физик объектни яратиш имконига эга бўладилар. 

2045 йилга келиб одамзод ўз миясининг иккала ярим шарини сунъий неокортекс ёрдамида симсиз алоқа шаклида улаб, ўз ақл-идрокини миллиард маротаба кўпайтира олади.

Бир муҳим нарсани таъкидлаб ўтиш жоиз. Гап башоратларда эмас, балки улар ўзларида нимани намоён қилишидадир. Курцвейлнинг башоратлари унинг Мур қонуни – ўсиб бораётган сермаҳсуллик ва экспоненциал (ривожланиб бораётган) технологиялар қонунини ўзига хос тушунишининг ҳосиласидир. 

Бу технологиялар ҳисоблаш қуввати ҳар икки йилда икки маротаба кўпайиб бориши тамойилига асосланган эскпоненциал эгри чизиқ бўйлаб ўсиб боради. Биз – оддий одамлар кўпроқ тўғри чизиқ бўйлаб фикрлашга ўрганиб қолганмиз. Тадбиркорлар эса экспоненциал равишда ўйлашга мажбурлар. 

Кўпчилигимиз келажакни башорат қилувчиларнинг башоратларини тушунмаймиз, чунки экспоненциал технологияларнинг бошланғич босқичларида улар бизни чалғитиб қўяди. Бизлар кўпроқ уларга яксон қилувчи бир нарсага қарагандек қараймиз – бунда сунъий идрок, виртуал реаллик, робот техникаси, интернет, мобиль телефон ва бошқа соҳалардаги технологик ютуқлар оқибатида катта компаниялар йўқ бўлиб кетганини қўришимизнинг ўзи кифоя қилади. Бироқ бу технологиялардан ҳар бири бир кун келиб ўз мавқеини йўқотади. 

Бугунги кунда бу технологиялар кўп миллиардлик маблағларга эга бўлаётган компаниялар асосида ётади ҳамда миллиардлаб одамларнинг ҳаётига ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Top