18:36 / 24.11.2015
24039

15 йил ичида қурилган энг баланд бинолар

Баланд бинолар ва шаҳар муҳити халқаро кенгаши 2014 йилда осмонўпар биноларнинг қурилиши ҳақида ҳисоботни чоп этди. Уни тузишда 2014 йилда фойдаланишга топширилган 200 метрдан баландроқ бўлган иншоотларгина ҳисобга олинди.

Ўтган йил охирида Хитойда энг кўп баланд бинолар қурилиши якунланди. Қурилган 58 та бинонинг умумий баландлиги 13 минг 549 метрни ташкил этади. Таққослаш учун: стратосфера қобиғи ер сиртидан 11 минг метрдан баландликда бошланади.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Хитой баланд бинолар бўйича мутлақ ғолиб ҳисобланади, чунки у бу борада ўзидан кейинги келаётган давлатлардан анча-мунча олдинлаб кетган, яъни 2- ва 3-ўринни эгаллаган Филиппин ва Қатар давлатлари мос равишда бор-йўғи 5 ва 4 та бинони фойдаланишга топширганлар.

 

1. Emirates Tower One, Дубай, БАА. 2000 йилда қурилган. Баландлиги 354,6 метр.

2. Menara Telekom, Куала Лумпур, Малазия. 2001 йилда қурилган. Баландлиги 310 метр.

3. Kingdom Centre, Ар Риёд, Саудия Арабистони. 2002 йилда қурилган. Баландлиги 302,3 метр.

4. Two International Finance Centre, Гонг Конг, Хитой. 2003 йилда қурилган. Баландлиги 412 метр.

5. Taipei 101, Тайван, Хитой. 2004 йилда қурилган. Баландлиги 508 метр.

6. Q1 Tower, Голд Коаст, Австралия. 2005 йилда қурилган. Баландлиги 322.5 метр.

7. Shimao International Plaza, Шанхай, Хитой. 2006 йилда қурилган. Баландлиги 333,3 метр.

8. Rose Rayhaan by Rotana, Дубай, БАА. 2007 йилда қурилган. Баландлиги 333 метр.

9. Shanghai World Financial Center. Шанхай, Хитой. 2008 йилда қурилган. Баландлиги 494,3 метр.

10.Trump International Hotel & Tower. Чикаго, АҚШ. 2009 йилда қурилган. Баландлиги 423,2 метр.

11. Burj Khalifa. Дубай, БАА. Жаҳодаги ҳозирча ягона энг баланд бино 2010 йилда қуриб битказилган булиб унинг баландлиги 829,8 м.

12. KK100. Шенчен, Хитой. 2011 йилда қурилган. Баландлиги 441,8 метр.

13. Makkah Royal Clock Tower Hotel. Макка, Саудия Арабистони. 2012 йилда қурилган. Баландлиги 601 метр.

14. JW Marriott Marquis Hotel Dubai Tower 2. Дубай, БАА. 2013 йилда қурилган. Баландлиги 355,4 метр.

15. One World Trade Center. Нью Йорк, АҚШ. 2014 йилда қурилган. Баландлиги 546,2 метр.

Кенгаш, шунингдек, 2014 йил тарихдаги энг кўп баланд иншоотлар қурилган йил бўлганини таъкидлаб ўтди. Ўтган йилнинг 12 ойи мобайнида баландлиги 200 метрдан кўпроқни ташкил қилган 97 та осмонўпар бино қурилган, улардан 11 тасининг узунлиги 300 метрдан ошади.

2015 йили 130 та осмонўпар бино қурилиши (улардан 25 тасининг битказилиши кейинги йилга сурилиши мумкин), 2016 йилда эса 135 та осмонўпар бино қурилиши тугатилиши кутилмоқда.

2014 йили қурилган ва баландлиги 200 метрдан баланд бўлган осмонўпар бинолар ҳақида қизиқарли фактлар:

  • - 2014 йили қурилган 97 баланд бинонинг умумий узунлиги 23 минг 333 метр бўлиб, бу тарихдаги энг катта кўрсаткичдир;
  • - Аввалги рекорд 2011 йили қайд этилган, ўшанда қурилган биноларнинг умумий узунлиги 19 минг 852 метрни ташкил этган;
  • - 2014 йилги энг баланд 97 бино 19 мамлакатдаги 54 шаҳарда қурилган бўлиб, уларнинг 76 фоизи Осиёда, яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, 60 фоизи Хитойда бунёд этилди;
  • - Хитойда 2014 йили баландлиги 200 метр ёки ундан юқори 58та бино қурилган бўлиб, бу 2013 йилги кўрсаткич (36та)дан 61 фоизга кўп;
  • - 2014 йил давомида энг кўп осмонўпар бинолар Хитойнинг Тианжин шаҳрида қурилди – 6та;
  • - 2014 йили 11та супербаланд бино қурилди – бу 2010, 2011 ва 2012 йилларда қайд этилган рекордлардан икки баробар кўп;
  • - Айнан 2014 йили Япония давлати (300 метрлик Abeno Harukas) ва Жанубий Америка қитъасида (300 метрлик Torre Costanera) илк супербаланд бинолар қурилди;
  • - 2014 йил давомида Чили, Кувайт, Малайзия, Сингапур, Жанубий Корея, Тайвань, Буюк Британия ва Вьетнамда ҳам биттадан баландлиги 200 метрдан юқори бўлган бинолар қурилди, бироқ рейтингга камида иккита шундай бинони қурган мамлакатлар киритилган.
Top