10:29 / 24.11.2015
2315

Оғир атлетика федерацияси Болгарияни Рио-2016дан четлатди

Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) ижроия қўмитаси Болгария терма жамоасини 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларидан четлатиш ҳақида қарор қабул қилди. Бунга сабаб болгариялик оғир атлетикачиларнинг тез-тез допингга қарши кураш қоидаларини бузганлиги бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар тарқатган.

Жумладан, жорий йилнинг март ойида Болгария терма жамоасининг 8 нафар эркак ва 3 нафар аёл спортчисида тақиқланган дори воситаларидан фойдаланганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, IWF Руминия терма жамоасидан битта Олимпия йўлланмасини олиб ташлади. Бунинг боиси, ушбу юрт вакиллари саралаш мусобақаларида бир неча бор тақиқланган дори воситаларини истеъмол қилган.

Халқаро оғир атлетика федерацияси, шунингдек, Хьюстон шаҳри (АҚШ)да ўтказилаётган жаҳон чемпионати баҳсларидан Тожикистон, Гондурас, Гватемала, Панама ва Сьерра-Леоне давлати терма жамоаларини четлатишга қарор қилди.

Юқорида номлари зикр этилган давлат вакиллари допингга қарши кураш хизмати ходимларига ўзларининг қаерда эканликларини маълум қилишмаганликлари боис, мана шундай кескин қарорга келинган.

Top