08:53 / 24.11.2015
3753

Қўлбола соат ясагани учун ҳибсга олинган ўсмир оиласи 15 млн доллар товон пули талаб қилмоқда

Техас штатида бомбага ўхшаш қўлбола соат ясагани ва уни мактабга олиб келгани учун ҳибсга олинган ўсмирнинг оиласи маънавий зарар учун 15 млн доллар миқдоридаги товон пули талаб қилмоқда. Бу ҳақда адвокатларга асосланиб, Independent нашри хабар тарқатган.

Маълум қилинишича, 14 ёшли Ахмад Муҳаммаднинг оиласи воқеа юз берган Ирвинг шаҳри ҳукуматидан 10 млн доллар, ўсмир ўқиган мактабдан эса 5 млн доллар миқдорида пул талаб қилган.

Бу талаблар баён этилган хат адвокатларга, шаҳар маъмурияти ҳамда мактабга жўнатилган. Талабномада бу хатолик учун расман узр сўраш кераклиги ҳам қайд этилган.

Бироз олдинроқ, ушбу ўсмирнинг оиласи АҚШдан Қатарга кўчиб ўтмоқчилиги ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Техаc штати Ирвинг шаҳридаги мактабнинг 14 ёшли ўқувчиси Аҳмад Муҳаммад (Ahmed Mohamed) ўқитувчиларининг кўзига бомба бўлиб кўринган қўлбола соатни кўтариб келгани учун полиция маҳкамасига олиб келинган эди.

Ушбу ўсмир бундан олдинроқ Оқ уйга келган ва президент Барак Обама билан учрашганди.

Шунингдек, Microsoft компанияси мактабга қўлбола соат олиб боргани учун ҳибсга олинган Муҳаммадга ўз совғаларини берган.

Top